Қозоғистонда онлайн кредит олишнинг янги тартиби тасдиқланди
АSTANА. Kazinform — Энди банк ва микромолия ташкилотларидан онлайн кредит олиш учун биометрик текширувдан ўтиш мажбурий ҳисобланади. Бу ҳақда Jibek joly телеканали янгиликлар хизматида айтилди.
Тизим инсоннинг «тирик» эканлигини аниқлаш учун «бошингизни буринг», «кўзингизни очиб-ёпинг» каби бир неча топшириқ беради. Агар текширувдан уч марта ўтилмаса, кредит берилмайди. Текширув вақтида олинган видео давлат маълумотлар базасидаги ёки махсус базага киритилган сурат билан солиштирилади.
Шу тариқа бегона инсоннинг фотоси ёки видеосидан фойдаланиш имконияти чекланади.
Биометрик текширув натижаси электрон шаклда қайд этилиб, банк ёки микромолия ташкилотида сақланади.
Барча маълумотлар хавфсиз тизим орқали қайта ишланади. Янги қоидалар 10 кун ичида кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон банк кредитлари бўйича максимал фоиз ставкаларини белгилади.