Қозоғистонда мойли ўсимликлар, ем-хашак экинлари ва қанд лавлаги экиладиган майдонлар кўпаяди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин экин майдонларини диверсификация қилиш дастурининг бориши ҳақидаги маълумотларни тинглади, дея хабар беради Кazinform агентлиги primeminister.kzга таяниб.

Қозоғистонда мойли, ем-хашак экинлари ва қанд лавлаги экиладиган майдонлар кўпаяди
Фото: pixabay.com

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Азат Султанов 2024 йилги мавсум учун умумий экин майдони 23,9 миллион гектарни ташкил этишини маълум қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 115,6 гектарга кам. Буғдой (-439,2 минг га) ва арпа (-129,5 минг га) экинлари қисқартирилади. Шу билан бирга, мойли (414,7 минг гектар) ва ем-хашак экинлари (96,4 минг гектар) экинларини кўпайтириш режалаштирилган. Пахта (-16 минг гектар) ва шоли (-6,4 минг гектар) каби намлик кўп талаб қилинадиган экинлар учун ажратилган майдонларнинг қисқариши кутилмоқда.

Қозоғистонда мойли, ем-хашак экинлари ва қанд лавлаги экиладиган майдонлар кўпаяди
Фото: ҚР Ҳукумати матбуот хизмати

 

Энг катта буғдой экиладиган майдонлар Ақмола вилоятида (-251,3 минг гектар) қисқартирилади ва мойли экинларга диверсификация қилинади – 2023 йилдаги 198 минг гектардан 2024 йилда 400 минг гектаргача. Қостанай (+85 минг га), Шимолий Қозоғистон (+65 минг га), Абай (+11 минг га), Павлодар (+11 минг га) вилоятларида ҳам мойли экинлар кўпаяди.

Умуман олганда, 2024 йилда Қозоғистонда мойли экинлар учун энг катта майдонлар Шимолий Қозоғистон вилояти (751 минг гектар), Қостанай вилояти (746 минг гектар) ва режаларни ҳисобга олган ҳолда Ақмола вилоятларига ажратилади. Шарқий Қозоғистон вилоятида 219 минг гектарга мойли экинлар экилади, бу 2023 йилга нисбатан 9 минг гектарга кўпдир.

- Қайта ишлаш корхоналарининг имкониятлари ва бозор шароитларини ҳисобга олган ҳолда Алмати ва Жетису вилоятларида маккажўхори майдонларини 15 минг гектарга қисқартириш бўйича ишларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Дон экинларини қисқартириш орқали юқори рентабелликдаги устувор экинлар майдонини кўпайтириш керак. Жумладан, жорий йилда мойли экинлар майдонларини 3,2 миллион гектарга етказиш зарур. Деҳқонларнинг имкониятлари ва моддий-техник базасидан келиб чиқиб, мойли экинлар етиштириш режалаштирилган майдонларнинг устуворлигини ҳокимликлар ўзлари белгилаши мумкин, — деди Азат Султанов.

Йиғилишда ем-хашак экинлари экишни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудларда сут маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар инобатга олинса, мустаҳкам озуқа захираси зарур. Умуман олганда, жорий йилда ем-хашак экинларини 96,4 минг гектарга кўпайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, қанд лавлаги каби ижтимоий аҳамиятга эга экин майдонларини 13,3 минг гектарга кўпайтириш, яъни, унинг экин майдонини 26,3 минг гектарга етказиш режалаштирилган.

Қозоғистонда мойли, ем-хашак экинлари ва қанд лавлаги экиладиган майдонлар кўпаяди
Фото: ҚР Ҳукумати матбуот хизмати

 

Таъкидлаш жоизки, давлат қанд лавлаги етиштирувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда: уларни қайта ишлаш учун етказиб беришда ҳар тонна учун 25 минг тенгедан ҳақ тўланади. Шунингдек, 2023 йил 10 декабрдан бошлаб лавлаги етиштирувчилар томонидан махсус техника сотиб олганлик учун компенсация меъёри 50 фоизгача оширилди.

Қозоғистонлик фермерлар томонидан ўғитлардан фойдаланишни кўпайтириш ва бу соҳада коррупция хавфини минималлаштириш мақсадида ҳозирда аванс субсидиялаш механизми ишлаб чиқилмоқда.

– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳудудлар ва Ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик маданиятини ўзгартираётгани, аграр соҳадаги давлат сиёсати доирасида кўрсаткичларни белгилаб бераётгани январь ойида бўлиб ўтган Ҳукумат йиғилишида муҳокама қилинган эди. Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда биз билан биргаликда амалга оширилиши ёки ўзгартирилиши керак бўлган кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқамиз ва эътиборингизга ҳавола қиламиз. Экин майдонларини диверсификация қилиш бўйича ишлар 5 йиллик муддатга мўлжалланган бўлиб, уни самарали амалга ошириш ҳудудлар зиммасига юклатилади, бунда мамлакатимиз учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан маблағ ажратиш имкониятлари ишлаб чиқилади, - дея таъкидлади Серик Жуманғарин.

Сўнгги хабарлар