Қозоғистонда Қизил китобнинг онлайн версияси яратилади
«Ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар рўйхатининг давлат илмий-техник асосланиши Қозоғистонда биологик ресурслардан самарали фойдаланиш учун шароит яратади», - деб ёзади Роман Скляр.
Унга кўра, умуртқали ва умуртқасиз ҳайвонларнинг ноёб турларининг ҳолатини баҳолаш бўйича илмий-техникавий дастур ишлаб чиқилган.
Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган.
«Олий илмий-техника кенгаши томонидан маъқулланган тақдирда Қозоғистон Қизил китоби мазкур дастур доирасида қайта кўриб чиқилади. Унинг асосида контент янгиланади ва Қизил китоб учун махсус веб-портал яратилади. Портал ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар ҳақида тўлиқ маълумот беради. Бу чора-тадбирларнинг барчасини амалга ошириш мақсадида овчилик ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилади», — дейилади жавобда.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай