Қозоғистонда келгуси йили сабзавот етиштирувчиларга 100 миллиард тенге форвард кредитлар ажратилади

«Тўртинчи масала – агробизнес иқтисодий ривожланишнинг яна бир ҳаракатлантирувчи кучига айланиши керак. Бу, биринчи навбатда, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат инфляциясини пасайтиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳадир. Қувонарли паллада юртимизнинг барча фермерлари, қишлоқ хўжалиги мутахассисларига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дея Президент бу йил ғалла ўрим-йиғим кампанияси муваффақиятли якунланганини эслатиб ўтди.
«Ҳосилимиз ўсди – рекорд даражадаги ҳосил, яъни 23 миллион тонна ғалла йиғилди. Фермерларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш албатта давом этади. Жорий йилдан бошлаб лизингга қишлоқ хўжалиги техникасини чегирма билан бериш учун ажратилган маблағ миқдори 40 миллиард тенгега ошди. Бунинг самарасида фермерларимиз қўшимча 1000 дан ортиқ техника олиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, экин экиш ва ўрим-йиғим учун ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори икки баробарга ошди. Фермерларга чегирма билан берилган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳажми эса 820 минг тоннага етди. 2023 йилдан бошлаб фермерларга сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун форвард кредитлари бериш дастури йўлга қўйилади. Бунинг учун 100 миллиард тенгега яқин маблағ ажратилади», — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, ушбу маросим доирасида энг яхши деб топилганларга «Қозоғистоннинг энг яхши маҳсулоти», «Qazaqstan Project Management Awards -2022», «2021 МДҲ Сифат мукофоти» каби бизнесга йўналтирилган мукофотлар топширилди.
Шунингдек, «АруАна», «Бизнес кемелділік», «Іскер», «Ұлы дала елі» мукофотлари ғолиблари тақдирланди.
Бу йил «Алтын сапа» мукофотига 281 нафар номзод ҳужжат топширган. Улар орасидан мутахассислар томонидан 4 та тоифа бўйича йирик, ўрта ва кичик бизнес учун 14 та тадбиркорлик объекти танлаб олинди.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай