Қозоғистонда қанча чет эллик мигрант қонуний ишлайди

Вазирлик маълумотларига кўра, 2023 йил 1 феврал ҳолатига кўра, хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун берилган рухсатномалар орасида қуйидаги тоифалар мавжуд: раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари учун 570 та рухсатнома (биринчи тоифа), бошқарма бошлиқлари учун 3000 та рухсатнома (иккинчи тоифа). Жалб этилган ишчи кучининг асосий қисмини учинчи (мутахассислар) ва тўртинчи (малакали ишчилар) тоифалари - мос равишда 7388 ва 883 киши ташкил этади. Шунингдек, 217 нафари мавсумий ишларга, 1438 нафари эса корпоратив трансфер бўйича ишларга жалб этилган.
Ҳозирда Қозоғистонда чет эллик ишчи кучидан фойдаланадиган 1645 иш берувчи мавжуд. Уларда 411 мингдан ортиқ Қозоғистон фуқаролари ишлайди, бу умумий ходимлар сонининг 96 фоизини ташкил қилади.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг кўп қурилиш соҳасида меҳнат қилади – 5458 киши (42%); кончилик ва карьерларни қазиб олиш - 1879 киши (11%); қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 1733 киши (4%); ишлаб чиқариш саноати – 1641 киши (7%); илмий ва техник фаолият - 1057 киши (8%).
Меҳнат мигрантларининг асосий келиб чиқиш мамлакатлари: Хитой – 3411 киши, Ҳиндистон – 1693 киши, Туркия – 1615 киши, Буюк Британия – 1104 киши, Ўзбекистон – 391 киши.
Эслатиб ўтамиз, ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳар йили чет эллик мутахассисларни жалб қилиш учун квоталарни белгилайди ва ажратади. Вазирлик 2023 йил учун хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун квотани 22 226 нафар (0,24%) даражасида белгилади.