Қозоғистонда кўприклар ва йўл ўтказгичларнинг электрон маълумотлар базаси яратилади

None
ASTANA. Kazinform – Йўл илмий-тадқиқот институти Европа тажрибаси асосида кўприк эксплуатациясини бошқариш тизимини ишлаб чиқишни бошлади, дея хабар беради Kazinform Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

«Қозоғистондаги автомобиль ва темир йўллардан ўтувчи кўприклар, йўл кесишмалари ва йўл йўтказгичлар ҳақидаги маълумотлар ҳамон қоғозда қолиб, архивларда сақланяпти. Тезкор ахборотга эга бўлиш имконининг йўқлиги стратегик йўл объектларини текшириш, таъмирлаш, модернизация қилиш, реконструкция қилиш ва қуришни режалаштириш ва амалга ошириш ишларини мураккаблаштиради ва шунга мос равишда йўл ҳаракати хавфсизлиги, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради», – дея тушунтирди ИИРВ.

Муаммони ҳал қилиш йўлини излаш йўл илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан олиб борилди. Мутахассислар Дания, Финляндия, Германия, Норвегия, Жанубий Африка, Швеция, Швейцария ва Буюк Британия тажрибасини таҳлил қилди. Тадқиқотлар олиб борилгандан сўнг, институт Қозоғистон кўприкларини бошқариш тизимини ишлаб чиқишга киришди.
«Бу объектлар тўғрисидаги долзарб электрон маълумотларни, жумладан, ҳар бир объектнинг паспорт маълумотлари ва уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш натижаларини тўплайдиган замонавий ахборот тизими бўлади. Лойиҳа доирасида дронлар ёрдамида республика аҳамиятига молик йўллардаги барча кўприк иншоотлари ва йўл ўтказгичлар рақамлаштирилади. Маълумотлар давлат, лойиҳа ва қурилиш ташкилотлари ходимларига Ягона сунъий иншоотлар базаси сайтида тақдим этилади», — деди ҚР йўл илмий-тадқиқот институти йўл ва кўприк иншоотлари бошқармаси бош мутахассиси Қайсар Шалқар.
Унинг сўзларига кўра, кўприкларини бошқариш тизимини яратиш фойдаланувчиларга маълум бир объектда ишлаш учун зарур бўлган маълумотларни тезкорлик билан топиш имконини беради, шунингдек, ҳисоботлар ва бюджетни режалаштириш ҳамда кўприклар, йўл ўтказгичлар ва ўтиш жойларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни автоматлаштириш имконини беради.
«Бундай маълумотлар кўпинча йўлчилар ва транспорт, ҳамда йўл қурилиши соҳасида ваколатли давлат органларига керак бўлади. Лойиҳанинг ишлаш муддати ва тузилмаларни ўрганиш маълумотларига мувофиқ, тизимнинг ўзи қачон мунтазам ва эксплуатация ишларини бажариш зарурлигини, маълум бир кўприкни қанча вақт ва қайси вақтдан кейин ишлатиш мумкинлигини таклиф этади», – дея қўшимча қилди Қ.Шалқар.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ўз вақтида ва мунтазам равишда ташхис қўйиш, назорат қилиш ва таҳлил этиш эртами-кечми эскириш ёки бахтсиз ҳодисаларга олиб келадиган нуқсонларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш имконини беради, бу эса ўз навбатида харажатларни сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради.


Сўнгги хабарлар
telegram