Қозоғистонда ихтисослаштирилган мактаблар сони 134 тага етди
Қозоғистоннинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган мактаблар очилди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган болалар ушбу таълим муассасаларида бепул таълим олишлари мумкин. Бундан ташқари, жорий йилда илк бор Болалар йилида ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги болалар учун алоҳида имкониятлар яратилди.
«Вазирлик томонидан иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда 134 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда. Иқтидорли болалар республика ва халқаро олимпиадаларда фаол иштирок этиб, шоҳсупадан кўтарилмоқда. Масалан, ўтган йили 420 нафардан ортиқ ўқувчи республика олимпиадалари ғолиблари ва совриндорлари билан тақдирланди. Уларнинг устозлари «Энг яхши ўқитувчи», «Энг яхши муаллифлик дастури», «Педагогик ғоялар фестивали», «Иқтидорли болалар ўқитувчиси» каби кўрик-танловларда муносиб ўрнак бўлмоқда», – дейди «Дарин» республика илмий-амалий маркази директори Ануар Унайбеков.
134 та мактабнинг 94 таси табиий-математика, 6 таси ижтимоий-гуманитар, 8 таси кўп тармоқли, 5 таси ҳарбий спорт йўналиши, 6 таси мусиқа-естетик йўналишда фаолият кўрсатмоқда. Яна 15 та мактабга Абай Қунанбоев номи берилган. 95 та мактабда интернат уйлари мавжуд.
Ихтисослаштирилган мактабларда таълим жараёни миллий таълим тизимини халқаро стандартлар билан бирлаштириб яратилади. Ҳар бир ўқувчи индивидуал ўқув режасига мувофиқ ўқийди. Бундай ёндашув болаларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини максимал даражада ривожлантиришга имкон беради.