Қозоғистонда хусусий сармоя иштирокида 20 та кўп тармоқли шифохона қуриш режалаштирилган
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишида Қозоғистонда соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Кazinform primeminister.kzга таяниб.

Тадбирда Буюк Британиянинг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Кэти Лич, Канада элчиси Алан Хэмсон, АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм , Жаҳон банки ва Cитибанкнинг Қозоғистон бўйича вакиллари, Ernst & Young, AstraZeneca, Janssen и Pfizer компаниялари ҳамда Қозоғистон Республикаси марказий давлат органлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилишда замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, соғлиқни сақлаш инфратузилмасини модернизация қилиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолининг инновацион дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, чекка аҳоли пунктлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Бош вазир сўнгги йилларда Қозоғистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Хусусан, Ягона миллий соғлиқни сақлаш тизими яратилди, мажбурий тиббий суғурта жорий этилди, телемедицина ривожлантирилди, асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар харид қилиш жараёни такомиллаштирилди, шифокорларнинг иш ҳақи сезиларли даражада оширилди.
– Умуман олганда, Ҳукумат томонидан ушбу соҳани ривожлантиришнинг барқарор моделини яратиш, уни молиялаштириш даражасини 2027 йилга бориб ЯИМнинг 5 фоизига етказиш устида иш олиб борилмоқда. Бу борада биз сармоя ва илғор технологияларни жалб қилишдан манфаатдормиз, — деди Алихан Смаилов.

Унинг қўшимча қилишича, Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар соҳанинг сармоявий жозибадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, ўтган йил якунларига кўра, соғлиқни сақлаш соҳасига асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар қарийб 30 фоизга ошиб, қарийб 540 миллион долларни ташкил этди.Бундан ташқари, кейинги 7 йилда фармацевтика бозори ҳажми 2,9 баробар ошди.

Унга кўра, тиббиёт инфратузилмасини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, Қозоғистон Республикаси Президенти топшириғига биноан хусусий сармояни жалб қилган ҳолда 20 та замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш режалаштирилган. Шунингдек, “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳаси доирасида 655 та бирламчи тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилади, 32 та кўп тармоқли туман шифохонаси модернизация қилинади.
Бош вазир Ҳукумат жаҳон фармацевтика саноатининг йирик вакиллари билан ҳам фаол ҳамкорлик қилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган чора-тадбирлар пакетини тақдим этаётганини таъкидлади. Шундай қилиб, Pfizer билан дори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича Инвестиция шартномасини тузиш режалаштирилмоқда. AstraZeneca компанияси билан 32 миллион долларлик сармоя эвазига оригинал дори воситаларини контракт ишлаб чиқаришни яратиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи чоғида GE Healthcare компанияси билан тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича умумий қиймати 60 миллион доллар бўлган келишув имзоланди, параллел равишда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Roсhe компанияси билан 2,5 миллион долларлик ишлаб чиқариш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.Жанубий Корея, Туркия, Миср ва Исроил инвесторлари билан шартнома асосида ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳар хил босқичда.
– Шундай қилиб, дори воситаларига талаб ортиб бораётган бир шароитда соғлиқни сақлаш соҳаси, жумладан, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд, – деди Алихан Смаилов.
Йиғилиш якунлари бўйича Бош вазир ваколатли давлат органларига йиғилишда билдирилган таклиф ва тавсиялар юзасидан иш олиб бориш бўйича топшириқ берди.