Қозоғистонда ҳовли уйларини суғурта қилиш мажбурий бўладими

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда 2026 йилдан бошлаб аҳолининг ҳовли уйларини табиий офатлардан мажбурий суғурта қилиш тизими жорий қилиниши мумкин. Ҳозирча уй-жойни суғурта қилиш фақат ихтиёрий шаклда амалга оширилади. Суғурта ихтиёрий бўлгани учун ҳар бир киши уйини хусусий компанияларга ишониб суғурта қилдиришга тайёр эмас. Давлат эса бу тизимни такомиллаштиришни режалаштирмоқда.

ипотека
Фото: pixabay

Расмий маълумотларга кўра, мамлакат ҳудудининг 75 фоизи зилзила, тошқин, ўрмон ёнғини каби табиий офатлар хавфи юқори ҳудудларга киради. 2024 йилда фавқулодда ҳолатлардан етказилган зарар 460 миллиард тенгени ташкил этди – бу 2023 йилга нисбатан 2,6 баробар кўп. Шунга қарамай, мамлакатдаги уй-жойларнинг атиги 3,2 фоизи суғурталанган. Сейсмик хавф мавжуд деб ҳисобланган Алматида эса бу кўрсаткич 7,7 фоизни ташкил этади.

а
Коллаж: Kazinform

Ихтиёрий суғурта – асосан ипотека учун

Амалдаги қонунларга кўра, ҳовли уйларни суғурта қилиш – мулкни ихтиёрий суғурта қилиш шаклида амалга оширилади. Ҳозирги кунда 25 та суғурта компаниясидан фақат 15 тасида шундай хизмат кўрсатиш учун лицензия мавжуд. Аксарият ҳолларда фуқаролар суғуртани банк талаб қилганда расмийлаштиради, хусусан ипотека кредити олаётганда. Бундай шартномаларнинг 96 фоизи банк талабига асосланган бўлади, ҳақиқатан хавфдан сақланиш учун суғурта қилдирувчилар эса жуда кам.

Ихтиёрий суғуртанинг афзаллиги – эркин танлов имкониятида. Фуқаро ўз ҳовлисини фақат ёнғин ёки сув тошқини эмас, балки бошқа турли эҳтимолий хатарлардан ҳам суғурта қилиш имконига эга. Қамров даражасига қараб тўлов нархи ҳам ўзгариб туради.

Суғурта нархи нималарга боғлиқ?

  • Уй қиймати – қиммат мулк учун суғурта тўлови юқори бўлади.
  • Ҳудуд хавф даражаси – зилзила хавфи бор ҳудудларда тариф юқори бўлади.
  • Уйнинг қурилган йили ва техник ҳолати.
  • Суғурта қамрови – асосий ёки кенгайтирилган полис.
  • Франшиза – фавқулодда вазиятда фуқаро ўз ҳисобидан тўлайдиган сумма.

Масалан, бозор қиймати 30 миллион тенге бўлган ҳовли уй учун йиллик суғурта тўлови 24 мингдан 90 минг тенгегача етиши мумкин.

2026 йилда нима ўзгаради?

Ҳукумат тайёрлаётган қонун лойиҳасига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб барча фуқаролар ҳовли уйларини табиий офатлардан мажбурий суғурта қилишга мажбур бўлади.

Тизим қандай ишлайди?

  • Давлат суғурта ташкилоти (ДСТ) оператор сифатида ишлайди. Бу суғурта фондини халқаро миқёсда қайта суғурта қилиш имконини беради.
  • Йиллик тўлов миқдори мулк солиғига боғлиқ бўлади – бадал 1 000 тенгедан 20 000 тенгегача.
  • Тариф ҳудуд хавфига қараб ўзгариши мумкин.
  • Зилзила ва ёнғинга чидамли уйлар учун имтиёзли тарифлар белгиланади.

Давлат ижтимоий заиф аҳоли қатламларига тўловни тўлиқ ёки қисман тўлаб беради.

Суғурта қайси хавфлардан ҳимоя қилади?

  • Зилзила
  • Тошқин
  • Сел
  • Табиий ўрмон ёнғини
баспана
Фото: Midjourney; Pixabay

Суғурта нима беради?

Агар офат юз берса, дастлабки босқичда фуқарога тезкор ёрдам сифатида тўлов амалга оширилади. Унинг миқдори – тўланган бадалнинг 500 бараварига тенг:

1 000 тенге тўлаганлар – 500 000 тенге

20 000 тенге тўлаганлар – 10 миллион тенге

Бу система келгусида уйни таъмирлаш ёки янгисини сотиб олиш имконини яратади.

Ҳовли уйларни мажбурий суғурта қилиш қайси ҳудудларда энг зарур?

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сел ва тошқин хавфи бор 2 республика аҳамиятидаги шаҳар ва 6 та вилоят мавжуд.

Сейсмик хавф мавжуд ҳудудлар – 2 шаҳар ва 13 та вилоят.

Хавф даражаси паст бўлган ҳудудлар: Астана шаҳри, Ақмола, Қостанай, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари.

Сўнгги хабарлар