Қозоғистонда Халқаро ёшлар куни нишонланмоқда

Ёшлар
Фото: Мақсат Шағирбаев/ Kazinform

ASTANA. Kazinform - Бугун, 12 август Қозоғистонда Халқаро ёшлар куни нишонланмоқда. 2024 йил бошига республикада ёшлар сони 5 миллион 759 минг 781 нафарни ташкил этади. Булар 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган қозоғистонликлардир, деб хабар беради Кazinform.

Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги хабарига кўра, йил бошидан буён 20 мингдан ортиқ ёшлар касбга йўналтириш ишларига жалб этилган, 130 мингдан ортиқ ёшлар давлат дастурлари йўналишлари бўйича маслаҳат ёрдами олган ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларга жалб этилган.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига кўра Қозоғистон Республикасининг 2023-2029 йилларга мўлжалланган ёшларга оид давлат сиёсати концепциясига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Уй-жой масалаларини ҳал қилиш учун жорий йилнинг март ойида «Отбасы банк» “9-20-25/Отау” билан биргаликда янги ипотека дастури ишга туширилди, мақсадли аудиториясининг 60 фоизи ёшлардир.

– 1 май ҳолатига ёш оилалардан 16 минг 747 та ариза келиб тушди. Шу билан бирга, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган меҳнаткаш ёшлар учун мамлакатимизнинг 16 та ҳудудида йиллик 5 фоизлик кредит ставкаси, дастлабки тўлови 10 фоиз ва 25 йил муддатига қадар имтиёзли уй-жой қуриш дастурлари амалга оширилмоқда. “Меҳнаткаш ёшларга сотиб олиш ҳуқуқисиз ижарага бериладиган уй-жой бериш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга ўзгартиришлар киритилди. Қоидаларда ишлаётган ёшларнинг сотиб олиш ҳуқуқисиз ижарага бериладиган уй-жой олишлари учун йиллик жамғарма чегараси жорий этилиши кўзда тутилган. Ижодкор ва фаол ёшларни қўллаб-қувватлашга келсак, «Дарын» Давлат мукофоти низомига қўшимчалар киритилди. Биринчидан, мукофот миқдори 600 минг тенгедан 1 миллион тенгега оширилди. Иккинчидан, “Жамоатчилик фаолияти” номинацияси қўшилди, - дейилади Маданият вазирлиги баёнотида.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, ёшлар сиёсатининг асосий йўналишлари ишсизлик, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим ва маданият даражасини ошириш масалаларини ҳал этишдан иборат.

«Zhas project» лойиҳаси доирасида жорий йилда қишлоқ ёшлари ва NEET тоифаси ўртасида ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун 280 та грант ажратилмоқда.

Ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Тәуелсіздік ұрпақтары» лойиҳасини амалга ошириш давом этмоқда. 2024 йилда 3 миллион тенге миқдорида 30 та грант ажратиш режалаштирилган. Кўнгиллилар секторини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча равишда "волонтёрлик" йўналиши кўзда тутилган.

Сўнгги хабарлар
telegram