Қозоғистонда гўшт маҳсулотлари экспорти сезиларли даражада ошди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистоннинг гўштни қайта ишлаш саноати ижобий ривожланиш динамикасини намойиш этмоқда, дея хабар беради Каzinform агентлиги ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

гўшт
Фото: Pixabay

2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатда 213 та гўштни қайта ишлаш корхоналари, шу жумладан, 34 та сўйиш цехлари, 179 таси кичик ва ўрта корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

2024 йил якунларига кўра, сўйиш вазнида барча турдаги гўшт ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,2 миллион тоннани ташкил этди ёки 4,3 фоизга ўсди, шу жумладан, йирик шохли ва майда майда шохли моллар гўштини қайта ишлаш ҳажми 270 минг тоннага етди, бу 2023 йилга нисбатан (230 минг тонна) 17 фоизга кўпдир.

Янги ва совутилган гўшт ишлаб чиқариш 5 фоизга – 79,9 минг тоннадан 83,8 минг тоннагача, колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,2 фоизга – 68,4 минг тоннадан 71,9 минг тоннагача, гўшт консервалари 4,9 фоизга – 5,9 минг тоннадан 6,2 минг тоннагача ўсди.

2025 йилда барқарор ўсиш давом этмоқда. Дастлабки уч ойда барча турдаги гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 фоизга, ички маҳсулотлар 20 фоизга, колбаса маҳсулотлари 12,6 фоизга, гўшт консервалари 34,6 фоизга ошди.

Гўшт маҳсулотлари экспорти сезиларли ўсишни кўрсатди. 2024 йилда 22,1 минг тонна мол гўшти, 17,5 минг тонна қўй гўшти экспорт қилинди.

Етказиб беришнинг асосий йўналишлари:

Ўзбекистон: 20,7 минг тонна мол гўшти ва 13,9 минг тонна қўй гўшти, БАА: 1,2 минг тонна қўй гўшти, Эрон: 1,2 минг тонна қўй гўшти.

2025 йилнинг дастлабки икки ойида мол ва қўй гўшти экспорти 2 баробар, колбаса маҳсулотлари экспорти 2,7 фоиз, гўшт консервалари экспорти 3,6 баробар ошди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, саноатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, жумладан, қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини қуришга инвестиция киритишда харажатларининг 25 фоизигача қопланиши, айланма маблағлар ва асосий воситаларга берилган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини субсидиялаш кўзда тутилган.

Бу чора-тадбирлар нафақат ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, балки мамлакатнинг рақобатбардош агросаноат мажмуасини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Сўнгги хабарлар