Қозоғистонда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми сезиларли даражада мустаҳкамланади - Тоқаев
Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича кенгаш йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.
Йиғилишда Президент инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган тузатишлар муҳимлигини таъкидлади.
«Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизми сезиларли даражада мустаҳкамланади. Бу мансабдор шахсларнинг қабул қилаётган ҳужжатлари сифати учун масъулиятини оширади, деб ўйлайман. Конституциявий даражада Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил вакилнинг ваколатлари ва кафолатлари белгилаб қўйилган. Умуман олганда, ўзгартириш ва қўшимчалар жамланмасига Мурожаатномада баён этилган сиёсий ташаббуслар ва Конституцияга киритилган ўзгартишларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ бўлган қоидаларгина киритилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бошқа тегишли ўзгартиришлар конституциявий ва бошқа қонунлар доирасида тасдиқланади», деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев давлат идораларининг суст ишлашига йўл қўйилмаслигини эслатиб, сўнгги уч йил ичида мамлакат ва дунёда вазият кескин ўзгарганини таъкидлади.
«Давлат аппарати ҳар қандай долзарб масалага тезкор ва ўз вақтида эътибор қаратиши керак. Шу боис Ишчи гуруҳ томонидан таклиф этилаётган тузатишлар Ҳукуматга махсус актлар қабул қилиш имконини беради. Бу инқироз даврида зудлик билан ҳаракат қилишни таъминлайди. Бу борада Парламентнинг жонбозлик билан ишлаши жуда муҳим. Депутатлар икки палатанинг қўшма мажлисида зудлик билан қонун лойиҳаларини кўриб чиқиши керак. Умуман олганда, Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган барча ўзгартириш ва қўшимчаларни маъқуллайман», — деди Давлат раҳбари.