Қозоғистонда фермерларга 67,7 минг тонна дизель ёқилғиси ва 5 минг тонна суюлтирилган газ ажратилди
ASTANА. Кazinform - Энергетика вазирлиги Ақмола, Қарағанди, Павлодар, Қостанай, Шимолий Қозоғистон ва Шарқий Қозоғистон вилоятлари фермерларининг талабига биноан дон қуритиш агрегатлари учун қўшимча 67,7 минг тонна арзонлаштирилган дизель ёқилғиси ажратди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги 9 сентябрь куни Ҳукуматда Бош вазир ўринбосари Серик Жуманғарин раислигида бўлиб ўтган кузги дала ишлари бўйича фавқулодда вазиятлар штабининг йиғилишида маълум қилди.
Суюлтирилган газни арзонлаштирилган нархларда тарқатиш муаммоси долзарбдир. Олтита ғалла етиштирувчи вилоятнинг қуритиш агрегатлар ишлашига бўлган умумий эҳтиёжи бутун ўрим-йиғим мавсуми (сентябрь-октябрь) учун 21,5 минг тонна суюқ ёқилғи бўлса, айни пайтда 5 минг тонна ажратилган. Суюлтирилган газ суюқ ёқилғида ишлайдиган энг кўп қуритиш агрегатлари жойлашган Ақмола, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларига тарқатилди. Серик Жуманғарин қолган уч вилоят фермерларини қуритиш агрегатлари учун суюлтирилган газ билан тезкорлик билан таъминлаш мақсадида ажратилган ёқилғи миқдорини эҳтиёж юзага келган ҳудудларга қайта тақсимлаш бўйича топшириқ берди. Ғалла ўрим-йиғим мавсуми учун газга бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарувчидан суюлтирилган газнинг тижорат нархини пасайтириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, ички бозорда суюлтирилган газга бўлган талаб юқорилиги инобатга олиниб, қуритиш агрегатлари имкониятлари даврида ҳудудларга икки турдаги ёқилғи, жумладан, дизель ёқилғиси билан ишлаш тавсия этилди.
Марказий штабда “ҚазАгромолия” АЖ бошқаруви раиси Айдар Прашев йиғим-терим даврида дон қуритиш агрегатларини йиллик 9 фоиз ставкада харид қилиш учун кредит бериш бўйича молиявий восита ишлаб чиқилганини маълум қилди. Фермерлардан 260 миллион тенгега 6 та ариза келиб тушди. Таъкидлаш жоизки, ушбу турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари нархининг 30 фоизи давлат томонидан субсидияланади.
10 сентябрь ҳолатига кўра, республика бўйича 4,7 миллион гектарга яқин ғалла ва дуккакли экинлар ёки 28 фоизи ўриб олинди, ўртача ҳосилдорлик 14,9 ц/га ташкил этди, қарийб 6,9 миллион тонна ғалла йиғилди.