Қозоғистонда фермерлар 280 минг тоннадан ортиқ лавлагини қайта ишлашга топширди

Республикадаги асосий лавлаги етиштирувчи вилоятлар Алмати, Жетису ва Жамбил вилоятларидир. Чунки қанд лавлагини қайта ишловчи асосий ишлаб чиқариш корхоналари шу ҳудудларда жойлашган. Жорий йилда лавлаги етиштирувчилар томонидан қайта ишлаш учун 281 минг тонна хомашё топширилди.
«Бугунги кунда давлат ушбу мураккаб экин етиштириш харажатларини қисман қоплайди, шунингдек, заводларга етказиб бериладиган маҳсулотларни субсидиялайди. 2021 йилда ҳудудлардаги лавлаги етиштирувчилар 3 млрд тенге олди.
2022 йилда субсидия ставкаси 3 минг тенгега оширилади ва қайта ишланган қанд лавлагининг ҳар тоннаси учун 15 минг тенгени ташкил этади. Заводлар хом ашёни тоннасини 15 минг тенгедан сотиб олади. Натижада, фермерларнинг маҳсулоти учун 30 минг тенге тўланади», - деб ёзади вазирлик.
Вазирлик 2023 йилдан бошлаб субсидия меъёри 15 минг тенгедан 25 минг тенгега кўтарилиши, бунинг натижасида лавлаги етиштирувчилар ўз маҳсулотининг ҳар бир тоннасини 40 минг тенгедан сотишини маълум қилди. Шу тариқа қанд лавлагининг рентабеллиги бошқа экинлар даражасига етказилади.
«Бундан ташқари, шакар саноатини ривожлантиришни рағбатлантириш доирасида янги шакар заводларини қуриш инвестиция субсидиялари рўйхатига киритилади, капитал қўйилмаларнинг 25 фоизи давлат томонидан қопланади.
Лавлаги йиғим-терим машиналари ва суғориш ускуналарини харид қилиш учун компенсация ставкасини 25 фоиздан 50 фоизга ошириш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Субсидиялашнинг янги қоидалари 2023 йилдан кучга кириши кутилмоқда», - дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, 2026 йилгача қанд саноатини ривожлантириш комплекс режасини амалга ошириш доирасида экин майдонларини 38 минг гектарга етказиш режалаштирилган.