Қозоғистонда дори воситалари ва боғчаларга навбатни назорат қилиш учун янги рақамли тизим ишга туширилади

Келгуси йилда Қозоғистонда дори воситалари мониторинги бўйича ахборот тизими ва болалар боғчаси навбатини рўйхатга олиш бўйича Ягона маълумотлар базаси ишга туширилади. Ҳукуматда бўлиб ўтган йиғилишда Бош вазир Алихан Смаиловга тегишли рақамли ечимлар тақдим этилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Ҳукумат
Фото: primeminister.kz

Дори воситаларини кузатиш тизими бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Жумладан, тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини қайта ёзиш ва сохта ҳисобдан чиқариш ҳолатлари бартараф этилиб, дори воситаларининг чакана нархи, чиқиндиси ва яроқлилик муддати назорат қилинади.

Тўлиқ кузатиш учун ҳар бир қутига ноёб икки ўлчовли Data Matrix коди қўлланилади. Бунинг натижасида республикада дори воситаларининг ишлаб чиқарилган пайтдан то қўлланишигача бўлган бутун айланмасини онлайн режимида кузатиб бориш имконияти яратилади.

Смаилов
Фото: primeminister.kz

 

“Тизим дори воситаларининг яширин савдосини сезиларли даражада камайтиради ва уларни марказлашган ҳолда харид қилишни самарали режалаштиришга ёрдам беради. Умумий платформада дори-дармонлар захирасини таблеткалар сонигача кузатиб бориш мумкин”, — деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Бейбит Есенбаев.

Шунингдек, шаффофликни ошириш орқали контрафакт бўлиши мумкин бўлган маҳсулотларни аниқлаш, шунингдек, дори воситаларининг белгиланган чакана нархларини назорат қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Ҳукумат
Фото: primeminister.kz

 

“Янги тизим мамлакат фуқароларини контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилади. Истеъмолчи ўзи сотиб олган дори қонуний ва унинг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавфсиз эканлигига шубҳа қилмаслиги мумкин бўлади”, — деди Бош вазир ўринбосари Тамара Дуйсенова.

Ҳозирда лойиҳа пилот режимда амалга оширилмоқда. Мониторинг тизимини 2024 йил июлидан жорий этиш режалаштирилган.

Бош вазир платформанинг касалхоналар, поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари ва дорихоналарда фойдаланиш учун янада самарали ва қулай бўлиши учун унинг барча функцияларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбари боғча навбатларини қайд этишнинг ягона маълумотлар базаси билан таништирилди. У ота-оналарга қулайлик яратиш ва мактабгача таълим муассасаларида ўрин ажратишнинг тўлиқ шаффофлигини таъминлаш мақсадида яратилган.

Хусусан, Egov.kz давлат портали ёки иккинчи даражали банкларнинг мобил иловалари орқали фарзандингизни навбатга қўйиш учун 4 тагача боғчани танлаб, сўнгра онлайн тарзда топширилган аризанинг ҳолатини кузатишингиз мумкин. Агар муассасалардан бирида жой топилса, ота-оналар дарҳол хабардор қилинади. Умуман олганда, боғча танлашдан тортиб то шартнома имзолашгача бўлган барча жараён электрон форматда амалга оширилади.

Бош вазир ушбу тизим мактабгача таълим муассасаларидаги навбатлар ва коррупция хавфини бартараф этишга қаратилган бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ушбу рақамли ечим ҳозирда пилот режимда ишлаб чиқилмоқда. Ягона маълумотлар базасини ишга тушириш 2024 йилнинг январига мўлжалланган.

Сўнгги хабарлар