Қозоғистонда чет эл фуқароси билан никоҳга туриш учун қандай ҳужжатлар керак
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда чет эл фуқароси билан никоҳга туриш учун албатта Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш (ФҲҚЭ) бўлимига бориб, ариза топшириш лозим.

Ҳозирги кунда Қозоғистонда никоҳ тузиш учун ҳужжатларни топширишнинг икки йўли мавжуд:
1. ФҲҚЭ бўлимига бориб ариза ёзиш
Бу ҳолда келин ва куёв иккиси ҳам шахсан келиши шарт, ҳар бири ҳужжатларни ўз қўли билан тўлдиради.
2. Онлайн топшириш
Электрон ҳукумат портали (eGov) ёки тижорат банкларининг мобил иловалари орқали ариза бериш мумкин. Бу ерда икки томоннинг ҳам электрон рақамли имзоси (ЭРИ) бўлиши шарт.
Аввало бир тараф ариза юборади, иккинчиси уни тасдиқлаши керак. Шундан сўнг бўлажак жуфтлик 15 кун ичида ФҲҚЭ бўлимига бориб, ҳужжатларга имзо қўйиши зарур. Бу босқичда ҳам иккиси шахсан келишлари шарт. Агар бири келмаса, ариза автоматик равишда бекор қилинади.
Чет эл фуқароси билан никоҳ тузишда қўшимча талаблар
ФҲҚЭ маълумотларига ўра, агар никоҳдан ўтмоқчи бўлган шахслардан бири чет эл фуқароси бўлса, қатор қўшимча ҳужжатлар талаб этилади:
Чет эллик билан никоҳ умумий талаблар бўйича қайд этилади, лекин бу хизматни eGov орқали расмийлаштириб бўлмайди.
Келин ва куёв албатта ФҲҚЭ бўлимига шахсан келиб, ёзма ариза бериши керак.
Шу билан бирга чет эл фуқароси қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
Ўз мамлакати ваколатли органидан никоҳ тузишга лаёқатлилиги ҳақида маълумотнома (яъни ҳозирги вақтда бошқа никоҳда эмаслигини тасдиқлайдиган ҳужжат);
Паспортининг нотариал тасдиқланган нусхаси.
Агар аввал никоҳда бўлган бўлса, ўша никоҳнинг бекор қилингани ёки тугатилгани ҳақидаги ҳужжат.
Чет элликлар бу маълумотномани олиш учун кўпинча ўз мамлакатларига бориб келишади. Бироқ, уни Қозоғистондаги элчихоналари орқали ҳам олиш мумкин. Бу тўй санасини режалаштиришда ҳисобга олиниши зарур бўлган муҳим омил.
Чет эл фуқароларининг маълумотномаларини бериш муддати – уларнинг ўз мамлакати давлат органлари томонидан белгиланади.