Қозоғистонда чақалоқлар ўлими 22,7 фоизга камайди
ASTANА. Кazinform – Қозоғистонда жорий йилнинг биринчи ярмида чақалоқлар ўлими 22,7 фоизга камайди. Бу ҳақда Бош вазир Олжас Бектенов АМАNАТ партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

“Биз 2029 йилга бориб аҳолининг умр кўриш давомийлигини камида 77 ёшга етказиш мақсадига босқичма-босқич яқинлашяпмиз. Ўтган йил якунларига кўра, ўртача умр кўриш биринчи марта 75 ёшу 4 ойга етди. Давлат раҳбарининг қўллаб-қувватлаши ва доимий эътибори туфайли соғлиқни сақлаш соҳасида асосий кўрсаткичлар яхшиланишига эришдик, – деди Ҳукумат раҳбари.
Унга кўра, “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда 655 та тиббиёт муассасасининг 540 таси барпо этилган. Бу марказларда 1 миллионга яқин қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Бош вазир Ҳукумат томонидан ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари топшириғига асосан жорий йилда аҳолини 100 фоиз ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари ниҳоясига етказилади. Бу мақсадлар учун республика бюджетидан 147 миллиард тенге, шунингдек, Махсус давлат жамғармасидан 160 миллиард тенгедан ортиқ маблағ йўналтирилди. Йил охиригача 17 шаҳар ва 463 қишлоқда лойиҳаларни якунлаш режалаштирилган.
Қишлоқ тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича «Ауыл аманаты» (“Қишлоқ депозити”) лойиҳаси доирасида 25 мингта лойиҳа молиялаштирилади. Бу 30 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. 2026 йилда эса ҳудудларни қўллаб-қувватлаш учун 5,4 триллион тенге ажратилади.
"Ҳудудларда ҳаёт сифатини яхшилашнинг асосий воситаси нафақат тўғридан-тўғри молиялаштириш, балки ривожланиш институтлари орқали давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларидир. Масалан, йил бошидан буён “Байтерек” холдинги тадбиркорларга 4 триллион тенгедан ортиқ молиявий кўмак кўрсатди. Бу 8 триллион тенгелик йиллик режанинг 50 фоиздан кўпроғини, шу билан бирга жами 2 триллион тенге миқдорида ўрта бизнес, кичик бизнесни, 1,5 триллион тенгедан ортиқ маблағ кичик корхоналар билан яқин алоқа ўрнатган йирик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилди”, — деди Олжас Бектенов.
Эслатиб ўтамиз, Олжас Бектенов иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун сарф-харажатларнинг кўпайиши бизнес ривожланишини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган эди