Қозоғистонда бир қатор тиббий таҳлиллар натижалари онлайн тарзда тақдим этилади

None
ASTANА. Кazinform – Энди қозоғистонликлар тиббий таҳлиллар натижалари билан онлайн танишишлари мумкин. Бугунги кунда барча тиббий таҳлил натижаларини сервисга киритиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Бейбит Есенбаев маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

«Вазирлигимиз Рақамли ривожланиш ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан ҳамкорликда egov Mobile мобил иловасида «eDensaulyq» хизматини ишга туширди. Унда донор мақоми, электрон рецептлар, тиббий контрендикациялар, ҳомиладор аёлларни ҳисобга олиш ва диспансер, стационар, лаборатория таҳлиллари натижалари ва шифохона варақлари ҳақида маълумотлар тақдим этилади. Масалан, «Умумий маълумот» бўлимида бемор рўйхатдан ўтган тиббиёт ташкилоти, сайти ва шифокор томонидан тўлдирилган маълумотлар билан танишиш мумкин», — деди Бейбит Есенбаев марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган матбуот анжуманида.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу хизмат орқали беморнинг мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимидаги ҳолати ва охирги тўлов қачон амалга оширилганлигини кўриш мумкин.

«Бундан ташқари, энди беморлар тиббий таҳлил натижаларини онлайн тарзда олишлари мумкин. Барча тиббий таҳлиллар натижаларини сервисга киритиш ишлари олиб борилмоқда. «eDensaulyq» хизмати шахсий тиббий маълумотларга киришнинг ягона манбаи бўлиб, натижаларга тезкор кириш имконини беради. «eDensaulyq» сервиси доираси босқичма-босқич кенгаяди. Қон гуруҳи ва бошқа маълумотлар тез орада қўшилади«, - деди у.

Муаллиф: Даулет Изтилеу

Сўнгги хабарлар
telegram