Қозоғистонда банклар тўғрисидаги янги қонун 2025 йил июнь ойида қабул қилинади
ASTANA. Kazinform — Банклар тўғрисидаги янги қонун 2025 йил июнь ойида қабул қилинади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Давлат раҳбари Мурожаатномасини амалга ошириш бўйича умуммиллий чора-тадбирлар режаси лойиҳасини тақдим этган ҚР Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров малум қилди.
“Банклар ва кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қонун лойиҳасининг асосий мақсадлари - иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, рақамли активлар ва молиявий технологияларни тартибга солишдан иборат. Биз қабул муддатини 2025 йил июнь ойига қадар режалаштирмоқдамиз. Мазкур банкдаги номутаносибликни бартараф этиш мақсадида тўланадиган дивидендларни ҳисобга олган ҳолда, банк секторига мутаносиб солиқ жорий этиш чоралари кўрилади”, — деди у.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, жорий йил охиригача даромадлар ва харажатларни режалаштириш сифатини ошириш, бюджет тақчиллигини тўлдиришнинг компенсацион механизмларини жорий этиш, Миллий жамғарма маблағларини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
“2026 йил бошидан Янги Солиқ кодекси жорий этилади. Бунинг асосий вазифалари тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитларни ёмонлаштирмаган ҳолда солиқ режимларини оптималлаштириш, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг табақалаштирилган ставкасини белгилаш, мажбурий ундириш чораларини қўлламаган ҳолда солиқ қарзининг лимитини ошириш, фақат солиқ қарзи лимитига чекловлар қўйиш, таъминланмаган солиқлар бўйича қарздорликни тақсимлашни таъминлаш ва бошқа асосли таклифлар киритиш. Янги солиқ қонунчилигининг асосий вазифаси давлат эҳтиёжлари ва бизнес имкониятлари ўртасидаги мувозанатни сақлашдан иборат. 2025 йил охиригача солиқ маъмуриятчилигининг ягона ахборот тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, чегара яқинидаги божхона постларида ишларни якунлаш, ноқонуний даромадлар оқимининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Солиқ маъмуриятчилигининг барча жараёнларини такомиллаштириш бўйича ишлар депутатлик корпуси, жамият ҳамкорлигида, экспертлар ва ишбилармон доиралар вакилларини сафарбар этиш орқали давом этади”, — деди Нурлан Байбазаров.