Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи: жаҳон технологиялари қай даражада ўрганилган
Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум ўтказиш масаласи жамоатчилик муҳокамасига қўйилганига бир йил бўлди. Бу даврда қозоқ халқи бу борада ўйланиб, фикр алмашиб, қарор қабул қилишга ҳозирлик кўрди. Энди 6 октябрда атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилади ва халқ ўз танловини қилади. Қозоғистонда атом электр станцияларини қуриш бўйича йил давомида қандай ишлар ва тадқиқотлар олиб борилгани ҳақида – Kazinform агентлиги материалида.
Бир йил ичида нима ишлар қилинди?
Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан атом саноатидаги ташкилотлар билан биргаликда етакчи мамлакатларнинг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибасини ўрганиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу иш доирасида глобал ядро технологиялари етказиб берувчиларидан АЭСларни қуриш ва улардан фойдаланишнинг илғор технологиялари ва усуллари ўрганилди.
«Хусусан, атом саноати мутахассисларимиз Франциядаги EDF, Хитойдаги CNNC, Жанубий Кореядаги KHNP ва Россиядаги Росатом компаниялари томонидан бошқариладиган атом электр станцияларида бўлди. Бу мамлакатлар атом электр станцияларини муваффақиятли ишлатишнинг узоқ тарихига эга ва атом энергетикаси хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлашда катта тажриба тўплаган. Бундан ташқари, Туркиядаги «Аккую» атом электр станцияси ва Беларусь атом электр станциясини қуриш жараёнлари билан атрофлича танишиб чиқдик, бу бизга бундай иншоотларни қуришнинг замонавий усулларини кўриш имконини берди. АҚШда ишлаб чиқилаётган кичик модулли «SMR» реакторларининг истиқболли лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу инновацион реакторлар қулай, хавфсиз ва чекка ҳудудларда ишлаш қобилияти туфайли келажакдаги энергетика секторининг муҳим элементига айланиши мумкин. Етакчи мамлакатлар тажрибасини ўрганиш Қозоғистонга миллий манфаатлар ва хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда атом энергетикасини ривожлантириш учун хавфсиз ва тежамкор технологияларни танлаш имкониятини беради», – деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.
Бир йил давомида Энергетика вазирлиги, илмий институт ва ташкилотлар мутахассислари бутун Қозоғистон бўйлаб АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларида иштирок этди. Республиканинг барча ҳудудларида жамоатчилик муҳокамалари ўтказилиб, унда вазирлик вакиллари ва таклиф этилган экспертлар лойиҳанинг асосий жиҳатларини тушунтирдилар. Атом энергетикаси хавфсизлиги, экологик жиҳатлари ва иқтисодий фойдалари масалаларини холис ёритишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Энергетика вазирлигида қайд этилганидек, атом энергетикаси хавфсизлиги масалалари, шунингдек, замонавий атом электр станциялари лойиҳаларига киритилган хавфсизлик чоралари батафсил баён этилган материаллар тайёрланиб, тарқатилди. Телевидение ва радиода олимлар, экологлар, иқтисодчилар иштирокида аҳолига мураккаб масалаларни тушунтирувчи махсус кўрсатувлар тайёрланмоқда.
Жорий йилнинг август ойи охирида «KazAtomExpo-2024» халқаро кўргазмаси доирасида Астана шаҳрида етакчи атом энергетикаси компаниялари вакиллари йиғилди. Кўргазмада Қозоғистон атом энергетикаси ва илм-фанининг ютуқлари, мамлакатнинг бу борадаги имкониятлари намойиш этилди.
Қандай тадқиқотлар ўтказилди?
Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи бир неча йиллардан бери муҳокама қилинмоқда. Бу вақт ичида дунёда қўлланиладиган атом электр станциялари ва реактор технологияларини жойлаштириш мумкин бўлган ҳудудлар ўрганилди.
Жойни танлаш бўйича тадқиқотлар МАГАТЭ тавсияларига мувофиқ, АЭСнинг атроф-муҳитга мумкин бўлган таъсирини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Ўтказилган тадқиқотлар ва мамлакат жанубида энергия тақчиллиги мавжудлигини инобатга олган ҳолда, Алмати вилояти, Жамбил тумани, Улкен қишлоғи атом электр станциясини жойлаштириш учун энг қулай жой деб топилди.
Бундан ташқари, “Қозоғистон атом электр станциялари” МЧЖ, Қозоғистон Республикаси Миллий ядро маркази ва Ядро технологиялари хавфсизлиги илмий-техника маркази мутахассисларини жалб қилган ҳолда жаҳон миқёсидаги асосий етказиб берувчиларнинг технологиялари ҳар томонлама ўрганилди.
Ушбу тадқиқотлар натижаларига кўра, энг истиқболли вариантлар танлаб олинди ва тўртта этказиб берувчининг дастлабки рўйхати тузилди:
- Хитойнинг CNNC компаниясидан HPR-1000 реактори;
- Жанубий Кореянинг KHNP компаниясидан APR-1400 APR-1000 реактори;
- Россиянинг “Росатом” компаниясидан ВВЭР-1200 реактори;
- Франциянинг EDF компаниясидан EPR-1200 реактори.
“2023 йилда Қозоғистон МАГАТЭнинг иккита миссиясини олди. Биринчи миссия Қозоғистоннинг атом электр станциясини қуриш бўйича қарор қабул қилишга тайёрлигини баҳолашга қаратилган эди. Ушбу миссия доирасида норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш, электр тармоқлари инфратузилмасини, радиоактив чиқиндиларни бошқариш дастурини тайёрлаш ва манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Иккинчи миссия Улкен қишлоғига ташриф орқали атом электр станцияси жойлашган жойни танлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижаларини баҳолашга бағишланди. Миссия якунида МАГАТЭ экспертлари Улкен қишлоғида АЭС қурилишига тўсқинлик қилувчи омиллар аниқланмаган деган хулосага келишди. Аҳоли билан ўтказилган учрашувлар ва сўровлар натижаларига кўра, фуқароларнинг хабардорлик даражаси етарли, жамият мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш учун энергетика инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлигини тушунади, деган хулосага келишимиз мумкин”, – деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.
Энди Қозоғистон фуқароларининг атом электр станциясини қуриш масаласидаги ҳақиқий фикрини референдум натижалари кўрсатади ва кейинги чора-тадбирларни кўришда ҳал қилувчи омил бўлади.
Атом электр станциясини қуришда халқаро консорциум бўлиши мумкинми?
Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши доирасида Энергетика вазирлиги дунёнинг етакчи ядро технологиялари сотувчилари билан бир қатор музокаралар ўтказди. Асосий музокаралар ҳамкорлик шартлари, реакторларнинг техник параметрлари, салоҳиятли лойиҳаларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қилишга қаратилди.
Хусусан, Хитойнинг CNNC, Жанубий Кореянинг KHNP, Россиянинг “Росатом» ва Франциянинг EDF компаниялари билан музокаралар олиб борилди. Ушбу компаниялар лойиҳага қизиқиш билдирган ва ўз технологияларини кўриб чиқиш учун тақдим этишга тайёр.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, агар референдумда атом электр станцияси қурилиши қўллаб-қувватланса, халқаро консорциум томонидан молиялаштириш, жумладан, лойиҳаларни бошқариш механизми масалалари бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун потенциал етказиб берувчилар билан чуқур музокаралар олиб борилади.
Ҳозирги вақтда атом электр станциялари қурилишини молиялаштиришнинг турли схемалари мавжуд. Бунга хусусий инвестициялар, халқаро молия ташкилотлари кредитлари, давлат бюджетидан молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик киради.
“Лойиҳани молиялаштиришнинг энг батафсил муҳокамаси референдум натижаларига кўра ижобий қарор қабул қилинган тақдирда бўлади. Кейин лойиҳа талаблари ва шартларига жавоб берадиган аниқ молиявий моделларнинг ҳар томонлама таҳлили ўтказилади”, — дея тушунтирди Энергетика вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2024 йил 6 октябрга атом электр станциясини қуриш бўйича референдум ўтказишни белгилаган ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Ўтган ҳафта Марказий сайлов комиссияси референдумнинг календар режасини тасдиқлади. Шунингдек, қозоғистонликларга сайловолди ташвиқоти қоидалари ва референдум олдидаги жавобгарлик эслатилди.
Атом энергетикаси ва АЭС қурилиши масалаларини яхшироқ тушунишни истаган фуқаролар учун Gov.kz портали ва eGov mobile иловасида янги бўлим ташкил этилган бўлиб, унда энг кўп бериладиган саволларга жавоблар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 1 июль ҳолатига кўра, республикада референдумда иштирок этиш имкониятига эга бўлганлар сони 12 миллион 176 минг 968 нафарни ташкил қилган.