Қозоғистонда 50 мингга яқин мопед рўйхатга олинди
ASTANА. Кazinform — Жорий йилнинг июль ойида 1 мингдан ортиқ мопедлар жарима майдончаларига қўйилган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

— Ҳозирда мамлакатимизда тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатга олинган мопедлар сони 48 139 тага етди, — дейилади вазирликнинг Кazinform агентлигига берган жавобида.
Мопед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиши юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жорий йилнинг 19-21 июль кунлари мамлакат ҳудудида мопед транспорт воситаларини бошқариш тартибига оид шошилинч профилактика тадбирлари ўтказилди.
— Мазкур тадбир давомида мопед ҳайдовчилари ўртасида 3 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб, 1 мингдан ортиқ мопедлар жарима майдончаларига жойлаштирилди. Бундай шошилинч профилактика тадбирлари ҳудудлардаги ички ишлар бошқармалари томонидан ҳам мунтазам равишда амалга оширилмоқда, — дейилади вазирлик ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 5 апрелдан бошлаб мопедларни механик транспорт воситаларига тенглаштирувчи қонунчиликка ўзгартиришлар кучга кирганлиги ҳақида хабар берган эдик.