Қозоғистонда 5 йилда спортни ривожлантириш йўналишида қандай кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди
ASTANA. Kazinform - 2019-2024 йилларда мамлакатда спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг Спорт ва жисмоний тарбия ишлари қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилдан бошлаб 4 йил давомида мураббий ва ўқитувчиларнинг базавий иш ҳақи ҳар йили 100 фоизга оширилди. Улар орасида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернат-коллежи ходимлари ҳам бор.
“Ушбу хайрли ишлар Қозоғистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 сентябрдаги “ Ҳақиқий ижтимоий мулоқот – Қозоғистон барқарорлиги ва фаровонлиги асоси” номли Қозоғистон халқига Мурожаатномасини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалга оширилмоқда. 2022 йилдан 2025 йилгача давлат хизматчилари, шу жумладан, мураббийлар (спортни ривожлантириш дирекцияси, олий спорт маҳорат мактаби, олимпия захираларини тайёрлаш маркази) ходимлари учун лавозим маоши миқдорига мослаштириш коэффициенти 1 баравардан 2 бараварга оширилади. Бу йил коэффициент 1,71 га тенг. Спорт мактабларининг мураббий ва ўқитувчилари давлат хизматчилари реестрига киритилди. Ушбу ўзгариш натижасида уларнинг малакасига қараб 6000 тенгедан 22000 тенгегача бўлган мукофот пули тўланади”, — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик маълумотларига кўра, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги касблар бўйича касб стандартлари тасдиқланган, хусусан, “Спорт секцияларида ўқитиш ва машғулотларни ташкил этиш”, “Спорт иншоотларидан хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш” ҳамда “Спорт ва фитнес клубларини бошқариш”, “Мураббий”, “Мураббий-ўқитувчи”, “Спорт ҳаками”, “Бокс бўйича мураббий”, “Спортчи”, “Жисмоний тарбия методисти”, “Инструктор-спортчи” ва "Жисмоний тарбия етакчисии" каби касбий стандартлар мавжуд.
“Таъкидлаш жоизки, 5, 6 ва 7-синф ўқувчиларининг жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва коллежларига ўқишга киришда спорт унвонига эга бўлиш талаблари олиб ташланди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сони 2019 йилда 476 та бўлган бўлса, жорий йилда 510 тага етказилди. 2020 йилда Қозоғистон Республикасининг жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт соҳасини 2023-2029 йилларда ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Тўрт йил аввал Астанада “Атлетика” спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган эди. Спорт мажмуаси Халқаро енгил атлетика федерациялари IAAF ассоциацияси томонидан сертификатланган. Бу эса пойтахтда энг юқори савияда (Жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқалар) мусобақаларни ўтказиш, юқори малакали мураббийлар ва спортчиларни тайёрлаш имконини бермоқда. Ўтган йили Алмати вилоятидаги олимпия ўқув-машғулот базаси фойдаланишга топширилди. Мазкур муассасада бир вақтнинг ўзида 2300 киши спортнинг 23 тури билан шуғулланиши мумкин. Шунингдек, жорий йилда Атирау вилоятида ихтисослаштирилган мактаб-интернати очилди”, — дея қўшимча қилинган вазирлик хабарида.