Қозоғистонда 2025 йилдан бошлаб илк захира ҳарбий тузилмалари ташкил этилади – Мажилис депутати

15 ноябрь куни Мажилиснинг ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига захира хизмати масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилади, деб хабар беради Kazinform.

Ермурат Бапи
Фото: Ермурат Бапининг шахсий архивидан

Ҳужжат мамлакат Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Ўтган йилнинг декабрь ойида Мажилисга киритилган мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан ишчи гуруҳ йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинган эди. Шу муносабат билан депутат Ермурат Бапи мазкур ҳужжатнинг асосий мақсадини тушунтириб берди.

“Агар юртимизга қандайдир хавф туғилса, сафарбарликка чақириш, кейин муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларга кийим-кечак бериш, уларни ўқитиш, қурол-яроғ билан таъминлаш жуда узоқ жараён. Захира қўшинлари эса янги турдаги армиядир. Улар белгиланган муддатда жанговар тайёргарликдан ўтадилар. Мунтазам ўқув машғулотлари ташкил этилади. Натижада ваколатли орган малака оширишдан ўтганларни зудлик билан тегишли ҳарбий қисмларга йўналтиради”, — деди Е.Бапи.

Хусусан, захирага олинганлар жанговар шай тузилма сифатида шакллантирилади. Захирадаги мазкур хизмат қисқа муддатда тегишли ҳарбий қисмга келишга тайёр бўлган фуқароларнинг фаровон яшаши билан бирга, белгиланган вазифаларни зудлик билан бажаришга киришишига хизмат қилади.

Ермурат Бапи
Фото: Ермурат Бапининг шахсий архивидан

 

“Агар ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсадга эътибор қаратадиган бўлсак, у жаҳондаги мавжуд геосиёсий вазият шароитида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, армия сафларини тезкорлик билан тўлдириш захирадаги фуқаролар томонидан таъминланади. Улар дастлабки тайёргарликдан ўтадилар. Захирадаги аскарларни сафарбар қилиш зарурати туғилса, тайёргарликдан ўтганлар биринчи сигналдан сўнг ўз ҳарбий қисмига боради, ўзи масъул бўлган ҳарбий участкага боради ёки ҳарбий техникасини олади”, — деди депутат.

Захирага қабул қилинганлар билан ихтиёрий равишда шартномалар тузилади. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида заҳирадаги шахс ва иш берувчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмлари ўрин олган.

“Ҳар ким ўз ихтиёри билан захирага боришни танлайди. Жумладан, ишсизларни муддатли ҳарбий хизматга жалб этиш масалалари батафсил ёритилган. Шу билан бирга, тегишли иш ҳақи тўланади. Масалан, ҳар ой бир неча дарсга қатнаганларга энг кам ойлик иш ҳақи, ўқув машғулотларида эса ўртача ойлик иш ҳақи берилади”, — деди Ермурат Сейтқазиули.

Фавқулодда ёки уруш ҳолатларида иш ҳақи масаласи тегишли қонунлар доирасида тартибга солинади.

Депутатнинг сўзларига кўра, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида дунёнинг бир қатор зиддиятли ҳудудларида тўпланган тажриба ўрганилган. Қонун лойиҳаси Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган бўлиб, мазкур вазирлик баъзи маълумотларни ўрганган.

“Жумладан, шу ҳафтада Мажилис томонидан кўриб чиқиладиган “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига захира хизмати масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун йил охиригача қабул қилиниши керак. Чунки бу ҳужжатни амалда татбиқ этишга келгуси йилдан бошлаб киришилади. Захирадаги биринчи ҳарбий тузилмалар 2025 йилда шакллана бошлайди. Умуман олганда, ҳозирги беқарор геосиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда, хотиржамликка берилмаслик керак. Ушбу қонун қабул қилингандан кейин Мудофаа вазирлиги шошилинч ишларни бошлайди”, - деди Ермурат Бапи.

Қолаверса, мазкур ҳужжат доирасида захирадаги хизматни ўташ учун сафарбар этилган шахсларнинг масъулияти, вазифалари ва тартиби ҳар томонлама белгилаб берилган.

Қонун қабул қилинса, мудофаа соҳасига ажратиладиган бюджет маблағлари бироз ошиши мумкин.

Сўнгги хабарлар