Қозоғистонда 2022 йилда 3 млн кишининг маоши ошди

None
ASTANA. Kazinform – Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқаролар бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Жорий йилда Қозоғистонда янги мактаблар, шифохоналар, маданий-маиший объектлар кўпайди. Ижтимоий тўловлар ҳажми ҳам ошди. Бу ҳақида батафсил маълумотни Kazinform экспертининг материалида ўқинг.

Соғлиқни сақлаш соҳаси: ўлим 28 фоизга камайди

Соғлиқни сақлаш тизими - жамият ижтимоий ҳаётининг энг муҳим соҳасидир. Мамлакатда поликлиникалар ва умумий соғлиқни сақлаш муассасалари сони кўпаймоқда. Жорий йилда 87 янги бирламчи тиббиёт муассасаси ишга туширилди. Улардан 4 та поликлиника, 24 та амбулатория, 11 та фельдшерлик-акушерлик пункти ва 43 та тиббиёт пункти мавжуд. Уларнинг аксарияти қишлоқ жойларда очилган.

Оналар ва болалар ўлимини камайтириш мақсадида янги туғилган чақалоқларни ирсий касалликларга текшириш бўйича тажриба лойиҳаси йўлга қўйилди. «Жардем» ва «Саламатти Қозоғистон» тиббий поездлари қатнови қайта тикланди. Улар олис аҳолига тиббий ёрдам кўрсатдилар. Мамлакат фуқаролари фавқулодда хизматларга 4 миллион марта қўнғироқ қилган. МИТС тизими орқали (Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта ҳисобидан) 18 мингдан ортиқ комплекс тиббий хизматлар ва 1 миллиондан ортиқ қиммат тиббий хизматлар кўрсатилди. Натижада жами ўлим 2021 йилга нисбатан 28 фоизга, оналар ўлими 3,5 баробарга камайди.

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, жорий йилда «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш» номли янги миллий лойиҳа тасдиқланиб, унинг доирасида 2026 йилга қадар 655 та бирламчи тиббиёт-санитария муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, 12 та шифохонани модернизация қилиш, 20 та янги кўп тармоқли ҳудудий шифохоналар очиш режалаштирилган.

Таълим соҳаси: 400 та янги мактаб қурилади

Қозоғистонда 2022 йилда 453 та болалар боғчаси фойдаланишга топширилди. Натижада мактабгача таълим муассасаларига эга болалар улуши 98,4 фоизни ташкил этди. 106 минг ўқувчига мўлжалланган 201 та янги мактаб фойдаланишга топширилди. Ўтган йили ҳам Президентнинг топшириғига биноан «Қулай мактаб» миллий лойиҳаси қабул қилинган эди. 2025 йилгача янги форматдаги 400 та мактаб қурилади. Улар зарур ўқув жиҳозлари, видеокузатув ва овозли огоҳлантириш тизимлари билан тўлиқ таъминланади.

Бундай мактаблар ягона стандарт асосида қурилади. Махсус таълимга муҳтож болалар шинам мактабларда таъминланади. Миллий лойиҳа орқали ўринлар тақчиллигининг олдини олиш, аварияли ва уч сменали мактабларни тўлиқ тугатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш давом эттирилади. Умуман олганда, 2026 йилга бориб 100 мингга яқин мутахассис тайёрланиши кутилмоқда.

Даромаднинг ўсиши: 3 млндан ортиқ кишининг иш ҳақи ошди

Ижтимоий соҳа ҳақида гапирганда, фуқароларнинг даромадларини ошириш масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. 2022 йилда 3 миллиондан ортиқ кишининг маоши ошди. Шифокорларнинг маоши 30 фоизга, ўқитувчиларнинг маоши 25 фоизга, бюджет ходимларининг маоши 20 фоизга, ишлаб чиқариш ходимларининг маоши 10-50 фоизга ошди.

Олимларнинг маоши икки баравар оширилди, ёш олимларни қўллаб-қувватлашга 1000 дан ортиқ грантлар ажратилди. Иқтидорли олимлар (35 ёшгача) ҳар йили 50 та давлат илмий стипендиялари билан тақдирланадилар ва 2023 йилда талабалар стипендияларини яна ошириш режалаштирилган. Қозоғистон аҳолисининг қарийб 40 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади, шу боис Давлат раҳбари топшириғига кўра, яқин беш йилда микрокредитлар ажратилади, қишлоқ аҳолисининг даромадини ошириш лойиҳасига 1 триллион тенге йўналтирилади.

1 миллиондан ортиқ киши иш билан таъминланади

Айни пайтда Қозоғистонда қарийб 2,2 миллион нафар пенсионер бор. Давлат нафақаларини олувчилар сони 1,8 миллион кишини ташкил этади. 2022 йилда 140 мингдан ортиқ оилага ёки 724 мингдан ортиқ фуқарога аниқ ижтимоий ёрдам тайинланди. Мактабгача ва мактаб ёшидаги 378 мингдан ортиқ болага кафолатланган ижтимоий пакет берилди. Жорий йилда 4,4 миллион киши 4,6 триллион тенгега кўпайган ижтимоий тўловларни олади.

Бу йўналишда проактив форматда ташкил этиладиган «Рақамли оила картаси»ни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу орқали қозоғистонлик оилаларнинг ижтимоий хавф-хатарларининг олдини олиш тизими жорий этилади. Уни пилот режимида амалга ошириш доирасида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб 26 минг нафар фуқарога ижтимоий тўловлар тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг фармойишига кўра, Қозоғистонда бола парвариши билан боғлиқ тўланадиган таътил муддати бир ярим йилга узайтирилди. Бугунги кунда тўлов миқдори охирги икки йилдаги ўртача ойлик даромаднинг 40 фоизини ташкил қилади. Икки ёки ундан ортиқ бола туғилганда, тўлов ҳар бир болага алоҳида белгиланади. Бола туғилгандан кейин республика фуқаролари автоматик равишда бир марталик нафақа оладилар: биринчи, иккинчи ва учинчи болага - 38 БҲМ (130 минг тенгедан ортиқ) ва тўртинчи болага - 63 БҲМ (217 минг тенгедан ортиқ).

Шунингдек, давлат фуқароларни иш билан таъминлашда доимий равишда кўмаклашиш чора-тадбирларини амалга оширади ва такомиллаштиради. Ўтган йили бу борадаги ишлар доирасида 900 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланди. Жорий йилда 1 миллионга яқин кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Муаллиф: Венара Жоламанқизи


Сўнгги хабарлар
telegram