Қозоғистонда 168 минг оилага манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди
2021 йил 1 июл ҳолатига 168,3 минг оиладаги 816,2 минг киши манзилли ижтимоий ёрдам олди. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун бюджетдан 122,8 млрд тенге ажратилди.
Манзилли ижтимоий ёрдам ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган жон бошига ўртача даромад ҳудудий яшаш даражасининг 70 фоизидан камроғини ташкил этадиган фуқароларга берилади.
Бундан ташқари, манзилли ижтимоий ёрдамни таъминлашнинг янги механизмини амалга ошириш доирасида республиканинг барча ҳудудларида мактаб ёшига қадар кам таъминланган оилалар фарзандлари учун кафолатланган ижтимоий пакет (кейинги ўринларда - ижтимоий пакет) билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
2021 йил 1 июлда манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар орасида 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган 201,5 минг болага озиқ-овқат ва маиший кимё тўплами шаклида ижтимоий пакет берилди.
Эслатиб ўтамиз, фавқулодда режим ва карантин чоралари туфайли 2020 йил II, III ва IV чоракларида, шунингдек 2021 йил I ва II чорагида манзилли ижтимоий ёрдам олувчиларга ёрдам тайинлаш муддати узайтирилди.
Айни пайтда қозоғистонликлар манзилли ижтимоий ёрдам тайинлаш учун яшаш жойидаги бандлик марказида, шунингдек egov.kz электрон ҳукумат портали орқали мурожаат қилишлари мумкин.