Қозоғистон жаҳон ОАВларида: янги элчихона, атом энергияси ишлаб чиқариш ва “яшил йўлак”

Ноябрь ойи ўрталарида жаҳон оммавий ахборот воситалари Қозоғистон билан боғлиқ бир қанча янгиликлар билан бўлишди. Хусусан, Молдова элчихонасининг Астанада очилиши, мамлакатнинг атом энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Қозоғистон-Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма янги лойиҳаси ҳақида кўпроқ ёзилди. Шунингдек, Қозоғистон Осиё олимпия кенгашига аъзо бўлмоқда. Батафсил Kazinform агентлиги мухбири Мадияр Тўлеуовнинг шарҳида ўқинг.

шолу
Коллаж: Kazinform

Anadolu: Молдова элчихонаси Қозоғистонда 2025 йилда очилади

Бунгача Молдова Қозоғистон билан Москвадаги элчихонаси орқали алоқа ўрнатган. Шу муносабат билан Молдова президенти Майя Санду келаси йили Қозоғистон пойтахтида элчихона очилишини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар тарқатди.

Ақорда маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 29-сессиясида Қасим-Жомарт Тоқаев молдовалик ҳамкасби Санду билан учрашди.

Учрашувда Қозоғистон ва Молдова ўртасидаги дўстона муносабатларни яхшилаш имкониятлари муҳокама қилиниб, олий даражадаги ўзаро ташрифлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Санду 2025 йилда Астанада ўз мамлакатининг элчихонаси очилишини ва бу икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Умуман олганда, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ўз мустақиллигини эълон қилган Қозоғистон ва Молдова ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. 1994 йилда Қозоғистон Украинада ўз элчихонасини очди ва Молдова билан алоқалар ўрнатди.

2014 йилда Қозоғистон Молдовада ўзининг бош консуллигини очган. 2020 йилда Қозоғистон Президентининг қарори билан Молдовадаги Бош консуллик элчихонаси иш бошлади. Қозоғистоннинг Кишиневдаги элчиси 2022 йилда тайинланган эди.

Санду Қозоғистонда элчихона очиш тўғрисидаги фармонни шу йилнинг 5 сентябрь куни имзолаган.

CentralAsia: Қозоғистон атом энергияси ишлаб чиқаришни уч баравар оширишни режалаштирмоқда

Қозоғистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Сунғат Есимханов мазкур ишлаб чиқариш барқарор ва экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, келажак сари муҳим қадам эканини таъкидлади. Айнан шунинг учун ҳам Қозоғистон 2050 йилгача атом энергиясидан фойдаланишни 3 баравар ошириш декларациясига қўшилди. Бу ҳақда CentralAsia мазкур вазирликга асосланиб ёзган.

Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Сунғат Есимханов Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича CОР29 конференциясидаги халқаро муҳокамада иштирок этиб, ядро энергияси ишлаб чиқариш масаласига эътибор қаратди.

“Қозоғистоннинг 2050 йилгача атом энергиясини 3 баравар ошириш тўғрисидаги декларацияга қўшилиши барқарор ва экологик тоза келажак сари қўйган муҳим қадамимиздир”, – деди Сунғат Есимханов.

Қозоғистон ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган қатор давлатлар, жумладан, Канада, Франция, Буюк Британия ва Японияга қўшилди. Республика иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшиб, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

Trend: Осиё тараққиёт банки “яшил йўлак” лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун грант ажратмоқда

Яқинда маълум бўлишича, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон “яшил” энергетикани биргаликда ривожлантириш бўйича келишувга эришган. Осиё тараққиёт банки эндиликда “Яшил йўлак” лойиҳаси бўйича консалтинг хизматларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, техник-иқтисодий асослашни тайёрлаш ва қўшма корхонани ишга туширишда кўмаклашиш учун 225 минг доллар миқдорида грант ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозовга асосланиб, Trend хабар берди.

“Икки кун аввал юқори даражадаги CОР29 доирасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон “яшил” энергетикани ривожлантириш ва ташиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзолади”, – деди у.

Вазир, шунингдек, Саудия Арабистонининг ушбу уч томонлама лойиҳада асосий ҳамкор сифатидаги ролини тасдиқловчи ҳужжат имзоланганини қайд этди. Ушбу тадбир халқаро энергетика ҳамкорлигига ва экологик инвестицияларга сезиларли туртки берадиган муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланди.

“Қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга катта аҳамият берилмоқда. Озарбайжон билан Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик, дўстона ва стратегик муносабатларни кўрсатувчи ушбу шартнома “яшил” энергия йўлагини яратиш, минтақада интеграциялашган электр энергияси бозорларини ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергияни бошқа ҳудудларга экспорт қилиш учун мустаҳкам замин яратади”, – дейди Парвиз Шаҳбозов.

Унинг сўзларига кўра, миллий энергетика компаниялари томонидан акциядорлик шартномасининг имзоланиши ва қўшма корхона ташкил этилиши лойиҳани муваффақиятли амалга оширишнинг асосий босқичига айланади. Қўшма корхона ташкил этилгандан сўнг Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларини интеграциялашувининг техник-иқтисодий асослаш ишларини бошлашни режалаштирган эди. Лойиҳада CESI консалтинг компанияси иштирок этди.

“Бу лойиҳа фақат Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан чекланмайди. Келажакда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан Қирғизистон ва Тожикистон ҳам ушбу лойиҳага қўшилиши мумкин ва улар қайта тикланадиган энергия манбаларини мувозанатлаш учун ўзларининг гидроресурсларидан фойдаланишлари шубҳасиз”, – деди у.

Daryo: Қозоғистон Осиё олимпия кенгашига аъзо бўлди

Нью-Деҳлида бўлиб ўтган 44-Бош ассамблеяда Осиё Олимпия кенгаши қўмиталарининг янги аъзоларини таништирди. Бу ҳақда Daryo Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Қозоғистон МОҚ президенти Геннадий Головкин ОСА спорт қўмитасига қўшилди. Шунингдек, МОҚ Бош котиби Алимжан Ақаев ОСА Халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси этиб тайинланди, Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг департаменти директори Гулназ Шўкенова эса ОСА Медиа қўмитасига қўшилди. Спорт департаменти бош менежери Роман Темиржанов ОСА Ахборот ва статистика қўмитасининг янги аъзоси этиб тайинланди.

Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилоти (RADOCA) директори Венера Абдулла ОCА Допингга қарши комиссияси аъзолигига номзод сифатида кўрсатилди. Бу шахслар 2028 йилгача тайинлангани айтилди.

Сўнгги хабарлар