Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Тоқаевнинг Тожикистонга ташрифи, буғдой етиштириш кўпайгани, Хитойга экспорт ҳажми ошгани
ASTANA. Kazinform - Жорий ҳафтада хорижий ОАВ ўз кун тартибида Қозоғистонни бир неча бор тилга олди. Жаҳон нашрлари Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Тожикистонга давлат ташрифи, буғдой етиштириш кўпайгани, Хитойга экспорт ҳажми ошгани ҳақида ёзди. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.
AzerNews: Марказий Осиёнинг ўзгарувчан траекторияси
Марказий Осиё – ҳамкорлик ва рақобат ўртасидаги ўзаро таъсир инновацион шериклик ва янги имкониятлар яратадиган динамик минтақадир. Қозоғистоннинг Тожикистонга, шунингдек, бутун минтақага нисбатан ёндашуви унинг кенгроқ “кўп векторли сиёсат” стратегиясини акс эттиради, деб ёзади AzerNews.
Ёндашув иқтисодий ҳамкорлик, сиёсий дипломатия ва маданий алмашинувнинг пухта уйғунлашувидир. Астананинг Президент Қасим-Жомарт Тоқаев бошчилигидаги раҳбарияти Қозоғистоннинг нафақат минтақавий давлат, балки асосий глобал ўйинчи сифатидаги мақомини оширишга қаратилган прагматик, лекин амбицияли қарашлари билан ажралиб туради, дейилади мақолада.
«Президент Тоқаев 2024 йил 22 август куни Тожикистонга ташриф буюришга ҳозирланар экан, Марказий Осиё ва ундан ташқарида эътибор минтақанинг мураккаб куч динамикасида ҳал қилувчи лаҳза бўлишини ваъда қилган ушбу воқеага қаратилмоқда. Қозоғистон ва Тожикистон ўзаро ҳурмат ва стратегик заруратга асосланган муносабатларни давом эттирмоқда. Уларнинг ҳамкорлиги кучли иттифоққа айланди ва ҳар икки давлат товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказишга интилмоқда», деб ёзади нашр.
Президент Тоқаевнинг Тожикистонга ташрифи икки давлат келажагини қайта белгилаб, ҳамкорлик ва минтақавий таъсирнинг янги даврига асос солиши мумкин, деб ёзади AzerNews.
Ховар: ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи бошланди
22 август куни олий мартабали меҳмон учрашуви шарафига байрамона безатилган "Қасри Миллат" саройи майдонида ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади Тожикистоннинг Ховар ахборот агентлиги.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни кутиб олди ва уни фахрий минбарга таклиф қилди. Учрашув Фахрий қоровул қўмондонининг ҳисоботи, икки давлат мадҳиялари ижроси, давлат раҳбарларининг Фахрий қоровул сафи олдидан ўтиши, олий мартабали қўмондонларнинг ҳурмат-эҳтиром изҳори билан давом этди. Тожикистон Давлат байроғи учун меҳмон, ҳар икки томон расмий делегациялари билан таништириш ва икки давлат раҳбарлари олдидан Фахрий қоровул бўлинмаларининг тантанали юриши билан якунланди, деб ёзади агентлик.
Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи муносабати билан тўплардан 21 марта ўқ узилди.
Anadolu: Қозоғистонда республикага буғдой олиб киришга тақиқ кучга кирди
Қозоғистон республика ҳудудига буғдой олиб киришга тақиқ жорий этиляпти, дея ёзади Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб.
"Жорий йилнинг биринчи ярмидаги статистик маълумотларга кўра, буғдой импорти 1,3 миллион тоннани ташкил этди, бу 2023 йилги йиллик импорт ҳажмига деярли тенг, Қозоғистон ички бозорида ўтган йилги ҳосилдан етарли миқдорда буғдой захираси мавжуд", - деб агентлик вазирлик хабаридан иқтибос келтиради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вегетация даврида кўрилаётган чора-тадбирлар ва қулай об-ҳаво шароити туфайли департамент ғалладан яхши ҳосил олишни башорат қилмоқда, бу эса ўтказма заҳираларини ҳисобга олган ҳолда ғалла бозорида ортиқча таклифни юзага келтиради.
Буйруқ 21 августдан кучга киради ва 2024 йил 31 декабргача амал қилади, деб ёзади Anadolu.
World-Grain: Қозоғистон буғдой ишлаб чиқаришни кўпайтиради, лекин қийинчиликлар сақланиб қолмоқда
АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Foreign Agriculture Service (FAS) ҳисоботига кўра, Қозоғистонда деярли идеал об-ҳаво шароити туфайли юқори ҳосил кутиляпти, бу эса яқинлашиб келаётган кузги ҳосил прогнозини сезиларли даражада яхшилайди, деб ёзади World-Grain.
Буғдой етиштириш 2023-24 йиллардаги 12,1 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2024-25 йилларда 15,8 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Шунга мувофиқ 8,5 миллион тонна экспорт 10,5 миллион тоннага ўзгариши прогноз қилиняпти.
Нашр шунингдек, 2024-2025 йилларда арпа етиштириш ўтган йилги 2,6 миллион тоннадан 3,4 миллион тоннага, экспорт эса 1,2 миллион тоннадан 1,6 миллион тоннага кўтарилиши прогноз қилинаётгани ҳақида хабар беради.
Trend: Қозоғистон Хитойга экспорт ҳажмини оширди
Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йил январдан июнгача бўлган даврда 14,1 миллиард долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига (13,6 миллиард доллар) нисбатан 3,8 фоизга ўсди, дея ёзади Trend.
ҚР Миллий статистика бюроси маълумотларига таяниб. Шу билан бирга, ушбу даврда Хитойга экспорт ҳажми 7,32 миллиард долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига (6,3 миллиард доллар) нисбатан 16,6 фоизга кўпдир.
Бундан ташқари, 2024 йил январь-июнь ойларида Хитойдан импорт 7,2 фоизга камайди ва 6,8 миллиард долларни ташкил этди, деб ёзади Озарбайжон агентлиги.
Муаллиф: Мадина Гумарова