Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Покистон билан алоқалар ва СИ вазирлиги

ASTANA. Kazinform – Бу ҳафта жаҳон медиа майдони Қозоғистон ҳақидаги янгиликларга бироз тўлди. Мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш лойиҳалари ҳолати, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеунинг Исломободга ташрифи чоғида эришилган келишувлар ҳақида кенг маълумот берилди. Шунингдек, Президент Мурожаатномасида қайд этилган Сунъий интеллект вазирлигини ташкил этиш таклифи ҳақидаги маълумотлар ҳам муҳокама этилди. Батафсил Kazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Пәкістанмен байланыс, Байқоңырдағы туризм және ЖИ министрлігі
Коллаж: Kazinform / Canva / Nikolay Enin / wizarden.ru

Oxu: Сунъий интеллект вазирлиги ташкил этилади

Президентнинг ҳафта бошидаги Мурожаатномасидан сўнг унда тилга олинган мавзулар жаҳон оммавий ахборот воситаларида муҳокама этилди. Улар орасида Сунъий интеллект вазирлигини яратиш ғояси ҳақидаги маълумотлар дарҳол эътиборни тортди. Бу хабарни Озарбайжоннинг Oxu интернет нашри ёзди.

8 сентябрда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилишини маълум қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, янги вазирлик амалдаги ихтисослаштирилган вазирлик негизида ташкил этилади. Унга Бош вазир ўринбосари раҳбарлик қилади.

“Янги технологик меъёрнинг ажралмас қисмига айланиш учун давлат бошқарувининг бутун тизимини қайта қуриш, унинг фуқаролар манфаатларига жавоб беришини таъминлаш, шунингдек, унинг шаффофлиги ва самарадорлигини сезиларли даражада ошириш зарур. Шунинг учун мен амалдаги ваколатли вазирлик негизида Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. Янги вазирликка Бош вазир ўринбосари даражасидаги мутахассис раҳбарлик қилиши керак", - деди Президент.

Шунингдек, у Қозоғистон уч йил ичида тўлиқ рақамли давлатга айланиши кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда Рақамли кодексни зудлик билан қабул қилиш зарур. Ушбу ҳужжат рақамлаштириш стратегиясини белгиловчи асосий акт бўлади: сунъий интеллект ва платформа иқтисодиётини ривожлантириш, катта маълумотлардан фойдаланиш ва бошқа соҳалар ёритилади.

Report: 2035 йилга қадар электр тақчиллиги масаласи тўлиқ ҳал қилинади

2035 йилгача мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади. Энергетика вазири Ерлан Ақкенженовнинг сўзларига кўра, шу давргача 26 ГВт дан ортиқ янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган. Вазирнинг Ҳукумат йиғилишидаги нутқи билан Report ўртоқлашди.

“Вазирлик томонидан мамлакатимиз энергетика тақчиллигини қоплаш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун 2035 йилгача 26 ГВт дан ортиқ қўшимча янги ишлаб чиқариш қувватларини жорий этиш кўзда тутилган электр энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу тариқа иқтисодиётнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланиши кутилмоқда”, – деди вазир.

Ақкенженовнинг сўзларига кўра, углерод изларини камайтириш йўналиши доирасида муқобил энергияни ривожлантириш ва тоза кўмир технологиялари асосида кўмир ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича ишлар режалаштирилган.

“33,6 миллиард тонна кўмирнинг аниқланган улкан заҳираларига қарамай, мавжуд кўмир ёқилғиси энергия манбаларидан бутунлай воз кечиш мақсадга мувофиқ эмас. Шу муносабат билан янги кўмир заводларини қуриш, шунингдек, мавжуд кўмир корхоналарини модернизация қилиш экологик талаб ва стандартларга жавоб берадиган, атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатадиган тоза кўмир технологияларига асосланади. Кўкшетау, Семей, Ўскемен шаҳарларида амалга оширилаётган иссиқлик электр станциялари, Курчатов ва Экибастуз шаҳарларидаги йирик электр станциялари бу каби лойиҳаларга ёрқин мисол бўла олади”, - деди у.

Anadolu: Қозоғистон ва Покистон ҳамкорликни муҳокама қилди

ҚР Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеунинг Исломободга расмий ташрифи чоғида икки томонлама муносабатлар атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар савдо, логистика, молия, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат соҳаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.

Ушбу ташриф давомида Қозоғистон делегацияси Покистон президенти Осиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ишоқ Дар билан учрашади.

“Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ва сармоявий муносабатларда ижобий тенденцияларни кузатмоқдамиз. Қозоғистон Покистон билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор. Астана икки томонлама ва минтақавий майдонларда ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишга тайёр. 33 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатларимиз ўртасида мазмунли сиёсий мулоқот давом этиб, ўзаро ишонч, очиқлик ва гуманитар алоқаларга асосланган мустаҳкам муносабатлар ўрнатилди”, - деди вазир.

Йил бошидан бери Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар ошиб, 86 миллион долларга етди. Ҳозир Қозоғистон Покистонга сабзавот, дуккаклилар, пиёз, саримсоқ, сули, гречка ва бошқа дон маҳсулотлари, қора металл маҳсулотлари экспорт қилмоқда. Покистондан эса цитрус мевалари, дори-дармонлар, эркаклар ва аёллар кийимлари, озиқ-овқат, картошка етказиб берилади. Икки давлат товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ниятида.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар сиёсий мулоқотни давом эттириш, устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш, тегишли давлат органлари ўртасида самарали мувофиқликни таъминлашга келишиб олдилар.

Учрашув якунида Қозоғистон ва Покистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.

Сўнгги хабарлар