Қозоғистон жаҳон ОАВларида: мудофаа харажатлари, парвозлардаги овербукинг ва молиялаштирилмайдиган легионерлар
ASTANА. Кazinform – Жаҳон нашрларида бу ҳафта Қозоғистон ҳақидаги маълумотлар тез-тез эълон қилинди. Хусусан, Ҳукумат томонидан мудофаа соҳасига ажратилаётган маблағлар, авиачипталарга оид ўзгартиришлар киритилаётгани ҳақида сўз юритилди. Озарбайжон билан савдо алоқаларининг ортиши, спортдаги легионерларнинг давлат бюджетидан молиялаштирилмаслиги ҳам катта эътибордан четда қолмади. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Anadolu: Қозоғистон мудофаа харажатларини оширади
Мамлакатда Мудофаа-саноат комплексини ривожлантириш жамғармасининг устав капиталини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда ҚР Бош вазири Олжас Бектеновнинг Сенат депутатига берган жавобидан маълум бўлди. Бош вазирнинг нутқи Anadolu ахборот агентлиги томонидан тарқатилди.
Яқинда мудофаа-саноат комплекси ва давлат мудофаа буюртмаларини ривожлантириш юзасидан депутатлик сўрови берилди. Унда саноатдаги ўзгаришлар йўналиши ҳақида сўралган.
“Саноат ва қурилиш вазирлиги «Steel Manufacturing» масъулияти чекланган жамияти негизида шахсий зирҳли воситаларни ҳимоя қилишни синовдан ўтказиш лабораториясини яратиш устида ишламоқда. 2024 йил 23 сентябрда Prototypa-ZM, s.r.o.(Чехия) компанияси билан технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш бўйича (суммаси – 10 млрд тенге, етказиб бериш санаси – 2025 йил август) шартнома имзоланди. Синов лабораториясининг ишга туширилиши кутилаётган сана – 2026 йил февраль”, – деб жавоб берди О.Бектенов.
Бош вазир айни пайтда жамғарманинг устав капиталини ошириш бўйича ишлар олиб борилаётганини ҳам маълум қилди.
“Республика бюджетидан 120 миллиард тенге миқдорида маблағ ажратиш бўйича сўров тайёрланди. Хорижий сармояни жалб этиш бўйича қатор хорижий инвесторлар (Хитой, БАА, Туркия, Қатар, Сингапур ва бошқалар) билан музокаралар олиб борилмоқда. Мудофаа-саноат комплекси корхоналарида саноат аттестациясига қўйиладиган талабларга келсак, шуни таъкидлаймизки, ҳозирги вақтда давлат мудофаа буюртмаларини бажарувчиларни танлаш тегишли ишлаб чиқариш, муҳандислик ва малакавий имкониятларга эга корхоналар орасидан амалга оширилмоқда”, — дейилади жавобда.
Бош вазирнинг жавобига кўра, ҳозирда мамлакатда иккита ҳарбий синов полигони фаолият юритмоқда. Улар Емби ва Саришағанда жойлашган. Ҳарбий техника ва бошқа турдаги қуролларнинг ҳарбий синовлари махсус полигонларда ўтказилади.
ТАСС: Ички рейслардаги «овербукинг» учун 375 доллар жарима киритилди
Энди Қозоғистондаги авиакомпаниялар ички рейслардаги «овербукинг» – яъни самолётдаги ўриндиқлардан кўпроқ чипта сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилади. Жарима 375 долларни (50 БҲМ) ташкил этади. Бу ҳақда Россиянинг ТАCC ахборот агентлиги хабар берди.
Бош транспорт прокуратураси хабарига кўра, мазкур чора авиакомпаниялар фаолияти устидан назоратни кучайтириш, йўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ортиқча брон қилиш ҳолатларига чек қўйиш, самолётга чиқиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш имконини беради.
Умуман олганда, авиаташувчилар кўпинча «овербукинг», яъни самолётдаги ўриндиқлардан кўпроқ чипта сотиш усулидан фойдаланадилар. Бу усул айниқса машҳур йўналишларда ва байрам ва дам олиш кунларида сезилади. Йўловчилар пуллик чипталарига қарамай самолётга чиқа олмади ва муқобил йўналишларни топишга мажбур бўлди. Аҳолининг норозилиги кучайди ва бу муаммони зудлик билан ҳал қилиш керак эди.
Илгари жавобгарлик фақат халқаро рейсларга чиптага эга бўлишига қарамай, жой ажратилмаган тақдирда қўлланарди. Эндиликда прокуратура таклифи билан Парламент Мажлиси томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва ички рейсларга нисбатан жавобгарлик қўлланилиши маъқулланди.
Эндиликда ички рейсларда йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилади. Янги нормага кўра, авиаташувчи 50 БҲМ миқдорида жарима тўлаши мумкин.
Trend: Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўсди
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо операциялари ҳажми 71,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат божхона қўмитаси маълумотини Trend тақдим этди.
Расмий маълумотларга кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,9 миллион доллар ёки 32,2 фоизга кўпдир. Ҳисобот даврида Қозоғистон билан товар айирбошлаш ҳажми Озарбайжон умумий савдо айланмасининг 0,81 фоизини ташкил этди.
Январь-февраль ойларида Озарбайжондан Қозоғистонга 12,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу ўтган йилга нисбатан 4,9 миллион доллар ёки 67,1 фоизга кўпдир. Қозоғистондан Озарбайжонга эса 59,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги савдо операциясини амалга оширган. Ўсиш - 13 миллион доллар ёки 27,9 фоиз.
Эслатиб ўтамиз, январь-февраль ойларида Озарбайжоннинг ташқи савдо айланмаси 8,9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,7 миллиард АҚШ долларига ёки 23,2 фоизга ошган.
Report: Чет эллик легионерлар учун бюджетдан маблағ ажратилмайди
Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, қонун ҳужжатларини ортиқча тартибга солишга йўл қўймаслик тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Шунга кўра, эндиликда чет эллик легионерларни бюджет ва квазидавлат сектори субъектлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тақиқланади. Бу ҳақда Report агентлиги хабар тарқатди.
“Бундан буён бюджет маблағлари фақат тўртта йўналишга: спортнинг юқори унумдор турлари, жумладан, спортнинг устувор турларига, давлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари фаолиятига, оммавий спортга, спорт инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади”, — дейилади қонунда.
Бундан ташқари, Қонунда “спорт тайёргарлигининг миллий стандартлари” тушунчаси киритилган. Шу боис спортчиларни миллий билим ва тушунча асосида тарбиялаш, анъанавий қадриятларни сингдириш мақсадида ягона ўқув стандарти ишлаб чиқилади. Ваколатли органга антидопинг қоидаларини бузганлик учун чора кўриш ваколати берилади.