Қозоғистон жаҳон ОАВларида: қозоқ-турк муносабатлари, киик масаласи, кўмир ва кадр масаласи
ASTANA. Kazinform – Август ойи охирида Қозоғистонга оид интернет нашрларда бир қатор муҳим янгиликлар чоп этилди. Президентнинг Туркияга расмий ташрифи, Ўзбекистон билан кииклар бўйича келишув, мамлакатда келажакда кадр етишмовчилиги ва Европа Иттифоқига қайта йўналтирилган кўмир экспорти – шулар қаторида.

Anadolu: Қасим-Жомарт Тоқаев Туркиянинг энг олий ордени билан тақдирланди
Қозоғистон Президентининг Туркияга расмий ташрифи муваффақиятли якунланди. Сиёсий-иқтисодий келишувлар имзоланди, инвестицион салоҳият ошди. Жаҳон ОАВ давлатлараро келишувларга эътибор қаратиб, ҳар бир қадамни кенг ёритди. Ташриф якунланиш арафасида Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Республикасининг энг олий давлат мукофоти – “Devlet Nişanı” ордени билан тақдирлангани алоҳида таъкидланди. Бу ҳақда Туркиянинг Anadolu агентлиги хабар берди.
Президент шарафига ташкил этилган расмий қабулда орденни топшириш маросими бўлиб ўтди. Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу орденни қабул қилиш катта шараф эканини қайд этиб, Президент Режеп Таййип Эрдоғанга ва барча турк халқига самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Эрдоғанни халқаро миқёсда тан олинган, нуфузли ва минтақа ҳамда дунё барқарорлигига ҳисса қўшаётган тарихий шахс сифатида эътироф этди.
«Туркиянинг бутун дунё томонидан тан олинган ютуқлари, жадал ривожланиши ва халқаро жамоатчиликдаги нуфузи Сизнинг номингиз билан бевосита боғлиқ. Бугун мамлакатингиз иқтисодий ўсиш бўйича жаҳондаги етакчи 20 давлат қаторига киради. Мутахассислар тахминига кўра, Туркиянинг келажаги порлоқ, ва унинг таъсири дунё миқёсида янада ортиши мумкин. Сизнинг раҳбарлигингиз остида Туркия янги “олтин даври”ни бошлаб, янги чўққиларни забт этишига ишонаман. Биз Туркия Қозоғистон мустақиллигини энг биринчи бўлиб тан олган давлат эканини ҳеч қачон унутмаймиз. Бу – мустақил Қозоғистон тарихида абадий сақланадиган факт, – деди Президент.

ТАСС: Қозоғистон Россия портлари орқали ЕИга кўмир етказиб беради
Европа Иттифоқи 18-санкциявий пакет доирасида Қозоғистоннинг Россия портлари орқали кўмир экспорт қилиш масаласи бўйича чекловларни юмшатди. Бу келишув мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу ҳақда Россиянинг ТАСС агентлиги хабар берди.
2025 йил февралида қабул қилинган ЕИнинг 16-санкция пакети баъзи Россия портлари билан ҳар қандай битимларни тақиқлаган эди. Бу эса Қозоғистон кўмирининг Европага мунтазам етказилишига таҳдид солган. Хусусан, Усть-Луга порти Европага чиқувчи қозоқ кўмирининг асосий транзит нуқтаси бўлган. Шу муносабат билан Қозоғистон ЕИ билан музокаралар олиб бориб, Россия портлари орқали транзитга рухсат олишга интилиб келаётган эди.
Вазиятни ҳал қилиш мақсадида Савдо ва интеграция вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи ҳузуридаги доимий ваколатхонаси ЕИ билан бир қатор маслаҳатлашувлар ўтказди. Европарламентга санкциявий режимга зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича расмий мурожаат юборилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Қозоғистон кўмирини ЕИга экспорт қилиш учун у Қозоғистондан келган бўлиши лозим. Шунингдек, кўмир эгалиги ЕИ санкциялари қўлланган давлатларга алоқадор бўлмаслиги керак. Россия портлари фақат транзит, юклаш ва жўнатиш мақсадида ишлатилиши мумкин. У ерда кўмир ишлаб чиқарилиши ёки сотиб олиниши мумкин эмас.
Бу чоралар қозоғистонлик кўмирни ЕИга етказиб беришни тиклашга ва логистик йўналишларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга имкон яратади.
2024 йилда Қозоғистондан ЕИга 5,2 миллион тонна кўмир экспорт қилинди. Бу мамлакат умумий кўмир экспортининг 51,8% ни ташкил этди. 2025 йилнинг январь-май ойларида экспорт ҳажми 1,6 миллион тонна бўлиб, умумий кўмир экспортининг 38,5% ни ташкил этди.

Uza: Ўзбекистон ва Қозоғистон киикларни асраш бўйича меморандум имзолайди
Яқин вақт ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон киик популяциясини тиклаш бўйича ҳамкорликда иш олиб боради. Икки давлатнинг тегишли вазирликлари йўқолиб кетиш хавфи остида турган киикларни муҳофаза қилиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни тизимли ривожлантиришни бошлади. Ҳозирги пайтда киикларни асраш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган. Бу ҳақда UzА нашри хабар берди.
Меморандум доирасида бир қатор қўшма тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, киикларнинг анъанавий кўчиб юриш йўналишларида эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлигини таъминлаш устувор аҳамиятга эга. Бу мақсадда чегарабўйи ҳимояланган ҳудудлар ва кўчиш коридорларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, табиий яйловлар, сув ҳавзалари ва экотизимларни тиклаш учун комплекс режалар ишлаб чиқилади.
Киикларни табиий муҳитга қайта жойлаш (реинтродукция) дастури ишлаб чиқилиб, илмий тадқиқотлар, мониторинг ва тажриба алмашиш ишлари давом эттирилади. Бунинг учун экспедициялар, рейдлар, мутахассисларни ўқитиш ва популяция тўғрисидаги маълумотларни алмашиш лойиҳаси мавжуд.
Бундан ташқари, сунъий йўлдош орқали кузатув ва ветеринария назорати тизимларини жорий этиш, ноқонуний овчиликка қарши курашиш, аҳоли ўртасида ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш, ҳисоб-китоб усулларини мувофиқлаштириш ва ягона маълумотлар базасини яратиш каби чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш дастурларини амалга оширишга халқаро шерикларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Қозоғистондан 500 бош киик боласини Ўзбекистон ҳудудига кўчиришни режа қилганини маълум қилган эди. Мутахассислар бу орқали уларнинг маҳаллий муҳитга мослашувини ўрганишни кўзламоқда.

Report: Қозоғистонга 3 миллион мутахассис керак бўлиши мумкин
Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ҳукумати йиғилишида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири ўринбосари Асқар Бияхметов маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда расмий ишсизлик даражаси йил бошидан буён ўзгармаган. Унинг сўзларини Report ахборот агентлиги ҳам ёритган.
Қозоғистонда ўзини ўзи банд қилган 2,1 миллион киши мавжуд. Расмий ишсизлик даражаси – 4,6%. Шу муносабат билан 2029 йилга қадар 3,3 миллион фуқарони иш билан таъминлаш зарур.
“Ўрта муддатли даврда кадрларга тахминий эҳтиёж 3 миллионга яқин инсонни ташкил этади. Талабнинг тармоқлар бўйича тузилиши куч ва ресурсларни қаерга йўналтириш кераклигини кўрсатади. Давлат хизматлари биринчи ўринда – давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя. Бу соҳалар ишчи кучига бўлган умумий талабнинг 29% ни ташкил этади. Кейинги ўринда тадбиркорлик (21%), транспорт ва логистика (16%), саноат (13%), қурилиш ва қишлоқ хўжалиги – ҳар бирига 7% дан тўғри келади”, – деди Асқар Бияхметов.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, ушбу маълумотлар касбий стандартларни тасдиқлаш, таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитиш учун давлат буюртмаларини тақсимлаш ва кадрларни қайта тайёрлаш тизимини ташкил этишда инобатга олиниши керак. Айниқса рақамлаштириш ва демографик ўзгаришлар шароитида бу алоҳида аҳамият касб этади.
“2024 йилдан бошлаб меҳнат бозорини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Белгиланган мезонларга жавоб берадиган юқори сифатли иш ўринларини ҳисобга олиш тизими жорий этилди. Бугунги кунда бундай иш ўринлари сони 2,6 миллионни ташкил этади. Биз учун асосий вазифа – 2030 йилгача 3,3 миллион одамни иш билан таъминлаш. Жорий йил бошидан буён 250 мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди”, – деди Асқар Бияхметов.