Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Қиморбозларга руҳий ёрдам, ЯИМ ўсиши ва Ўрта транзит йўлагининг истиқболи

ASTANA. Kazinform – Жорий ҳафтада жаҳон оммавий ахборот воситаларининг Қозоғистон ҳақидаги хабари кам бўлмади. Интернет нашрларда мамлакат иқтисодиётининг 6,2 фоизга ўсиши, Ўрта транзит йўлагининг келажакдаги салоҳияти ҳақидаги маълумотлар тез-тез учради. Шунингдек, Ҳукумат раҳбарининг «Қозоғистон ОПЕК+ келишувидан чиқадими?» деган саволга жавоби ҳамда қиморбозларга (лудоманияга чалинганларга) психологик ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам ёритилди. Тўлиқроқ маълумотни Kazinform мухбири тайёрлаган шарҳдан ўқинг.

шолу
Коллаж: Kazinform/ Freepik / Maxxyustas/ ҚТЖ

Report: 12 йил ичидаги энг юқори ЯИМ кўрсаткичи қайд этилди

ҚР Ҳукумати йиғилишида Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин Қозоғистон иқтисодиёти бўйича муҳим янгиликларни маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2025 йилнинг биринчи ярмида 6,2 фоизга ўсган. Бу сўнгги 12 йилдаги энг юқори ўсиш даражаси. Бу ҳақда Report ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда анча юқори. Натижада сўнгги 12 йил ичидаги энг юқори ЯИМ ўсиши қайд этилди. Реал секторда ўсиш 8 фоизни ташкил этди, хизматлар соҳаси эса 5,2 фоизга ўсди. Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари – транспорт ва қурилиш. Савдо фаоллашди, кон саноати ривожланмоқда. Қайта ишлаш сектори 5,5% га, қишлоқ хўжалиги эса инвестициялар ҳисобига 3% га ўсди”, – деди Вазир.

Унинг таъкидлашича, инвестициядаги энг катта ўсиш қуйидаги соҳаларда кузатилмоқда: таълим – 3,5 баробарга, молиявий фаоллик – 86,2%, қайта ишлаш саноати – 48,9%, соғлиқни сақлаш – 32,8%, транспорт – 16,2%.

“Январь-май ойларида ташқи савдо айланмаси 53,5 миллиард долларни ташкил қилди. Экспорт 29,8 миллиард долларни ташкил этди, шундан 10,2 миллиард доллари қайта ишланган маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Импорт ҳажми 23,8 миллиард доллар бўлди. Умумий ташқи савдода пасайиш кузатилаётган бўлса-да, ижобий савдо баланси сақланиб қолмоқда”, – деди у.

Anadolu: Қозоғистон ОПЕК+ келишувидан чиқмайди

ҚР Бош вазири Олжас Бектенов ОПЕК+ доирасидаги мажбуриятлар бўйича фикр билдирди. Унинг сўзларига қараганда, Қозоғистон келишувни сақлаб қолиш тарафдори. Бу ҳақда Anadolu агентлиги ёзди.

“Билмайдиганлар учун таъкидлайман: биз – ОПЕК аъзоси эмасмиз, лекин ОПЕК+ келишувининг қатнашувчисимиз. Биз доим ўз мажбуриятларимизни бажаришга ҳаракат қиламиз. Лекин баъзи ҳолатларда бу осон бўлмайди. Масалан, жорий йилда Тенгиз конини кенгайтириш лойиҳаси сабаб мажбуриятларни тўлиқ бажара олмаслигимиз мумкин”, – деди Бош вазир.

Унинг сўзларига кўра, Тенгиздаги йирик нефть лойиҳаларига сармоя киритган инвесторлар нефть ишлаб чиқаришни камайтиришни хоҳламайди. Чунки улар ушбу кенгайтириш лойиҳасига 49 миллиард доллар сармоя киритган ва маблағини қайтариш учун ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга интилади.

“Қозоғистон Тенгиздаги инвесторларга ишлаб чиқаришни камайтиришни талаб қила олмайди. Лекин биз ОПЕК+ келишувидан чиқмаймиз. Бу келишув нефть бозорида барқарорликни сақлашга ёрдам беради. Биз мажбуриятларни бажаришга интиламиз, бироқ бу ишда миллий манфаатларни биринчи ўринга қўямиз”, – деди у.

Бундан аввал, Олжас Бектенов Ҳукуматга Тенгиз конидаги асосий лойиҳаларни якунлашни топширган эди. Улар қаторида газни қайта ишлаш заводлари қурилиши каби йирик лойиҳалар бор.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил июнида Қозоғистондан жўнатилган хом нефть ҳажми кунига 1,86 миллион баррелни ташкил этди. Бу май ойидаги кўрсаткичдан (1,78 миллион баррель) кўпроқ ва ОПЕК+ келишувида белгиланган квотадан 500 минг баррелга ортиқ.

ТАСС: Қиморбозларга (лудомания) психологик ёрдам кўрсатилади

Қозоғистонда жорий йил бошидан бери тахминан 200 нафар киши қиморбозлик (лудомания) сабабли ўз жонига қасд қилган. Шу каби фожеали ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатда букмекерлик контораларидаги ставкаларни ҳисобга оладиган ягона тизим жорий этилади. Бу орқали катта маблағни ютқазган қиморбозларга психологик ёрдам кўрсатиш режалаштирилмоқда. Ушбу ташаббус ҳақида маълумот Россиянинг ТАСС агентлигида эълон қилинди.

Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги Превенция бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Даурен Муликов маълум қилишича, кўпчилик қиморбозлар психологик ёрдам сўрашга шошилмайди.

“Статистикага қарасак, жорий йилда 200 киши ўз жонига қасд қилган. Менинг маълумотимга кўра, ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлигида фақатгина 3 киши қиморбозлик сабабли рўйхатга олинган. Аксарият лудомандар бу ҳолатни касаллик деб ҳисобламайди ва йўқотган пулларини қайтариб олиш умидида юради”, – деди Муликов.

ҚР Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Қимор бизнеси ва лотереяларни тартибга солиш қўмитаси раиси Адилет Турғанбаевнинг таъкидлашича, бу муаммони ҳал қилиш учун тизимли чоралар кўрилмоқда.

“Давлат букмекерлик компанияларига тушаётган барча маблағларни қайд этиб борувчи ягона электрон тизимни жорий этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, ҳар бир ставкадан 1 фоиз маблағни ижтимоий эҳтиёжларга олиб қолиш механизми ишлаб чиқилмоқда. Кейинчалик бу тизим қимор бизнесининг бошқа соҳаларига ҳам татбиқ этилади”, – деди у.

“Қиморбозларни мажбуран даволатиб бўлмайди, лекин янги тизим ёрдам бера олади. У орқали ҳар бир шахснинг ютқазган пули ҳисобланади ва унга огоҳлантирувчи хабар юборилади. Ушбу хабарда шахсга психологик ёрдам олиш мумкинлиги, шунингдек тегишли марказларнинг телефон рақамлари кўрсатилади”, – деди Турғанбаев.

Euronews: Европа ва Хитой ўртасидаги Ўрта йўлак қайта фаоллашмоқда

Қозоғистон Европа ва Осиёни 15 кун ичида боғлайдиган *Ўрта йўлак (Транскаспий халқаро транспорт йўлаги)*ни ривожлантириш ниятида. Бунинг учун темир йўл ва автомагистралларни модернизация қилиш, Каспий портлари тубини чуқурлаштириш, ички флотни ривожлантиришга миллиардлаб евро сармоя йўналтирилади. Бу ҳақда Euronews маълум қилди.

Украинадаги уруш Европа Иттифоқини янги савдо йўлларини излашга мажбур қилган. Шу сабаб Транскаспий йўлагига (Middle Corridor) эътибор қайта йўналмоқда. Европа Иттифоқи Global Gateway дастури доирасида 12 миллиард еврога тенг инвестиция пакети тайёрламоқда.

Бу йўлак – 4250 км темир йўл ва 500 км денгиз йўлини ўз ичига олади. Европа ва Хитойни боғлайди. Йўл давомийлиги – 15 кун. 2040 йилга бориб, йилига 470 минг контейнер ташиш режалаштирилган.

Қозоғистон логистика йўналишини комплекс модернизация қилишни мақсад қилган. Масалан, юк ташиш ҳажми 2021 йилда 800 минг тонна бўлган бўлса, 2023 йилда 4,5 миллион тоннага етган. 2028 йилга келиб бу рақамни 10 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган.

“Ҳозирги пайтда портлар инфратузилмасини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Икки ҳафта олдин Ақтауда хитойлик ҳамкорларимиз билан контейнер хабини ишга туширдик. Қуриқ портда дон терминали қурилиши якунланди. Шунингдек, темир йўлни қайта қуриш ишлари бошланган. Умумий инвестиция ҳажми тахминан 4 миллиард долларни ташкил қилади”, – дейди Қозоғистон Транспорт вазирлиги Транспорт сиёсати департаменти раҳбарининг ўринбосари Сатжан Ўзбеков.

Сўнгги хабарлар