Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Қатар сармояси, Ўрта йўлак, ҳарбий соҳада сунъий интеллект ва АҚШ билан савдо алоқалари

Ҳафта давомида бутун дунё бўйлаб интернет нашрлари Қозоғистонга оид кўплаб янгиликлар эълон қилди. Улар орасида АҚШ ишбилармонларига билдирилган таклиф, ТХТЙда юк ташиш ҳажмини ошириш масаласи алоҳида қайд этилди. Қатар давлатининг сармоявий лойиҳаси ва ҳарбий қисмлар учун видеокузатув инновацияси ҳам қизиқ туюлди. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Қатар сармояси, Ўрта йўлак, ҳарбий соҳада сунъий интеллект ва АҚШ билан савдо алоқалари
Коллаж: Kazinform

Қатар Қозоғистонга 20 миллиард доллар сармоя киритади

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенатида Қатар давлати билан узоқ муддатли стратегик шерикликка қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди. Натижада оддий инвесторлар Қозоғистонга 20 миллиард доллар сармоя киритади. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.

Ҳужжат Қозоғистон ҳудудида телекоммуникация, энергетика, транспорт, нефть-газ кимёси, қишлоқ хўжалиги ва молия каби соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутади. Шунингдек, шартномада инвесторлар мулкини ҳимоя қилиш, солиққа тортиш тартиби барқарорлиги, бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари кафолатланган.

Миллий иқтисодиёт вазирлиги ҳуқуқий ҳужжатда “Қашаған” конида газни қайта ишлаш заводи, “Бейнеу-Бозой-Чимкент” магистрал газ қувурининг иккинчи линияси, Қизилўрда электр станциясини қуриш ва Иртиш дарёсидаги ГЭС ташаббуси борлигини билдирган. Бундан ташқари, янги алоқа оператори яратилади.

Аввалроқ Қозоғистон ва Қатар давлатлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича келишув амалга оширилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари АҚШга инвестиция лойиҳаларини тақдим этди

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Қуантиров АҚШ Савдо миссияси делегацияси билан учрашиб, ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда CentralAsia нашри хабар берди.

Астанада ташкил этилган йиғилишда АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэвид Де Фалько ва АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.

Учрашувда томонлар АҚШ билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш масаласини муҳокама қилдилар. Хусусан, фойдали қазилмаларни етказиб беришнинг барқарор занжирини яратиш, агросаноат комплекси, молия, ахборот технологиялари, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида геология-қидирув ишларини олиб бориш масалалари кўриб чиқилди. Икки томонлама ҳамкорликни оширишда Америка компанияларининг фаол иштироки бўйича келишувга эришилди.

“АҚШ Савдо палатаси Қозоғистон Ҳукумати ва АҚШ бизнеси ўртасида давом этаётган мулоқотни қўллаб-қувватлаш бўйича бизнинг асосий ҳамкоримиздир”, - дея эслатди Алибек Қуантиров.

АҚШнинг йирик компаниялари вакилларининг мамлакатга келиши Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеунинг Нью-Йоркка амалий ташрифидан сўнг бўлиб ўтди. Қозоғистон томони делегацияни ноябрь ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Глобал инвестициялар бўйича давра суҳбатида иштирок этишга таклиф қилди.

Қозоғистон орқали ўтган транзит контейнерлар сони маълум бўлди

2024 йилда Қозоғистон темир йўли орқали 8 ой ичида 200 та Хитой транзит контейнери ўтди. Ташиш Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйлаб (ТХТЙ ёки "Ўрта йўлак") амалга оширилди. Бу ҳақда Trend нашри хабар берди.

Афтидан, бу йил Сиань қуруқлик портида очилган Қозоғистон терминали контейнер ташиш ҳажмининг ошишига таъсир кўрсатди. Мазкур терминал Қозоғистон орқали Европага ўтадиган контейнер поездлари сонини 30 фоизга оширишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Бундан ташқари, юкларни етказиб бериш муддатига оид ўзгаришлар ҳам амалга оширилганини кўришимиз мумкин. Эндиликда юкларни Олтинкўл станциясидан (Қозоғистон) Абшеронга (Озарбайжон) етказиб бериш учун тўққиз кун, Поти ёки Батумига (Грузия) 12 кун, Поти ёки Батуми орқали Констанцага (Руминия) 20-22 кун керак бўлади. Ўтган йили мазкур йўналишда атиги 11 та контейнер поезди ўтган бўлса, жорий йилда юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошганини пайқаш қийин эмас.

Эслатиб ўтамиз, “Ўрта йўлак” Хитой ва Европа Иттифоқи давлатларининг контейнер темир йўл юк ташиш тармоғини Марказий Осиё, Кавказ, Туркия ва Шарқий Европа давлатлари орқали боғлайди. Мультимодал транспорт инфратузилмаси Каспий ва Қора денгиз паромларини ҳамда Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Украина ва Польша темир йўл тизимини боғлайди. Муҳими, товарлар Хитойдан Европага ўртача 20-25 кун ичида етказилади.

Қозоғистон ҳарбий қисмларга “ақлли” камералар ўрнатишни режалаштирмоқда

Мудофаа вазири ўринбосари Дархан Аҳмедиевнинг сўзларига кўра, янги технологиялар мудофаа саноати хавфсизлиги ва армиядаги шаффофликни таъминлашга йўналтирилади. Бу ҳақда Daryo нашри ёзди.

Расмий маълумотларга кўра, сунъий интеллект камералари турли ҳодисаларни баҳолашга қодир. Улар орасида оломонни, ҳаддан ташқари тирбандликни, ҳарбий тўқнашувларни ва ҳатто қурол омборларига рухсатсиз киришни аниқлай олади. Замонавий видеокузатув воситалари ёрдамида ҳарбий мутахассиснинг иш жойида бор-йўқлиги назорат қилиниб, ҳар куни мониторинг олиб борилади. Барча қайд этилган маълумотлар автоматик равишда масъул органга, Миллий мудофаа қўмондонлик марказига юборилади.

Лойиҳа инновацион технологиялар соҳасидаги етакчи мамлакатимиз компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Пилот лойиҳаси аллақачон қўлланилмоқда ва дастурий таъминотни харид қилиш механизми кўриб чиқилмоқда. Д.Аҳмедиев видеокузатув тизимини жорий этиш мураккаб босқични талаб қилишини таъкидлади. IT инфратузилмасини янгилаш, видеомаълумотларни сақлаш серверини харид қилиш, шунингдек, эскирган муқобил видео ускуналарни замонавий рақамли моделга алмаштириш зарур. Ҳозирча дастурий таъминот учун тўлов 300 миллион тенге этиб белгиланган.

Аввалроқ депутат Нартай Сарсенғалиев ҳарбий қисмлардаги хавфсизликдан хавотир билдирган ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўлим ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари статистикасини кўтарган эди. 2023 йилда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларга 50 мингдан ортиқ видеокамера ўрнатди.

Сўнгги хабарлар