Қозоғистон жаҳон ОАВларида: бепул SIM-карталар, денгизни ўрганиш ва Эрондан эвакуация қилиш
ASTANА. Кazinform – Ҳафта давомида жаҳон ахборот майдонида Қозоғистонга оид янгиликлар кенг ёритилди. Кўпчиликни ўйлантираётган Каспий денгизи муаммосига эътибор қаратилиб, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиши тилга олинди. Яқин Шарқда вазият кескинлашган бир пайтда Эрондан ватандошларнинг эвакуация қилиниши, мамлакатга ташриф буюрган сайёҳларга SIM-карталарни бепул бериш ташаббуси ҳам эътибордан четда қолмади. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Тrend: Қозоғистон-Озарбайжон қайта тикланадиган энергияни Европага экспорт қилади
Қозоғистон ва Озарбайжон электр энергиясини Транскаспий йўналиши орқали Европага етказиб бериш ниятида. Томонлар ўз зиммасига олган янги лойиҳага кўра, қайта тикланадиган электр энергиясига устуворлик берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Trend ахборот агентлиги хабар берди.
Бу янгилик илк бор Астана халқаро молия маркази ва АDА университети қошидаги Ривожланиш ва дипломатия институти (IDD) қўшма ҳисоботида эълон қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, икки давлат сув ости электр узатиш тизимини жорий этиш ниятида. Агар сув ости юқори вольтли кабели зарур даражада ишлаб чиқилса, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика тизимлари уланади. Келажакда у Жанубий Кавказни Қора денгиз орқали Европа билан боғлайдиган сув ости кабели лойиҳасига айланиши мутлақо мумкин.
Лойиҳа энергияни диверсификация қилишга ва Европа Иттифоқининг декарбонизация бўйича иқлим мақсадларига эришишга ҳисса қўшади. Марказий Осиёда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини, асосан қуёш ва шамол энергиясини Европа Иттифоқига экспорт қилиш йўли очилади.
Бироқ, трансчегаравий минтақада лойиҳани амалга ошириш катта сармояни талаб қилади. Бунинг учун аралаш молиялаштириш зарур - имтиёзли кредит, давлат кафолати ва "яшил" облигация. Мутахассисларнинг фикрига кўра, молиявий ёрдам ҳозирча Европа инвестиция банки, ЕТТБ ва иқлим фондлари томонидан тақдим этилиши мумкин ва Global Gateway ташаббуси ҳам стратегик қўллаб-қувватлашнинг потенциал механизми сифатида кўриб чиқилаётгани ажабланарли эмас.
Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон 2030 йилга бориб қуёш ва шамол энергияси улушини 15 фоизга оширишни режалаштирмоқда.Озарбайжон денгизда қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича дунёдаги энг катта салоҳиятга эга ва қуруқликдаги электр станцияларини, айниқса Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда фаол ривожлантирмоқда.
Report: Эрондан 109 нафар қозоғистонлик эвакуация қилинди
Яқин Шарқдаги можаролар вақтида Қозоғистон фуқароларини Эрон Ислом Республикаси ҳудудидан эвакуация қилиш амалга оширилди. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 109 нафар қозоғистонлик хориждаги дипломатик ваколатхоналар туфайли ватанига қайтганини маълум қилди. Бу ҳақда Report идорага таяниб хабар берди.
Эвакуация дўст мамлакатлар ҳудуди орқали транзит ҳолда амалга оширилди. Аниқроғи, Эрондан Туркманистон орқали 89, Озарбайжон орқали эса 20 киши ўтган. Барча фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, зарур шарт-шароитлар яратилган.
“Ташқи ишлар вазирлиги Эрон, Туркманистон ва Озарбайжон ҳукуматларига қозоғистонликларнинг бутун йўналиш бўйлаб хавфсиз ва ўз вақтида ўтишини таъминлашда муҳим рол ўйнаган ёрдам ва самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради”, — дейилади вазирлик расмий баёнотида.
Эвакуация вақтида дипломатлар туну кун маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб, логистика қадамларини аниқлаб беришди. Маълум қилинишича, қисқа вақт ичида 200 дан ортиқ қозоғистонлик улар билан боғланиб, ёрдам сўраган. Ҳозир вазирлик Қозоғистон фуқароларини Исроилдан эвакуация қилиш устида ишламоқда.
ТАСС: Қозоғистон хорижлик сайёҳларга SIM-карталарни бепул бера бошлади
Қозоғистон хорижлик сайёҳларга SIM-карталарни, жумладан, интернетга киришни бепул тақдим қила бошлади. Бу ҳақда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Қозоғистоннинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Даурен Абаев маълум қилди. Элчининг нутқи Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги томонидан тарқатилди.
Маълумки, Қозоғистон халқаро аэропортларида QR-код тизими жорий этилган. QR-код чет эллик сайёҳларга керакли асосий хизматлардан фойдаланиш имконини беради. Жумладан, электрон SIM-карталар, расмий такси хизматлари, меҳмонхоналарни онлайн брон қилиш, чет эл фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидалари, ҳудуднинг асосий сайёҳлик жойлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Янги тизим сайёҳларни фирибгарлардан, айниқса такси, алоқа, валюта айирбошлаш ва бошқа хизматлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
"Яқинда биз хорижликларга Қозоғистон SIM-карталарини беришни бошладик. Бепул интернет, менимча, 1 GB ҳажмда тақдим этилади", — деди Даурен Абаев Россия-Қозоғистон бизнес мулоқотида.
Бу қадам нима учун қилинганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Бепул SIM-карталарни тақдим этиш ҳукуматга чет эллик сайёҳларни нима қизиқтириши ва улар қандай харид қилишни хоҳлашларини тушунишга ёрдам беради. Бу хизмат сифатини оширишга қаратилган.
"2024-йилда 3,5 миллион ватандошимиз Россияга келди. Қозоғистон россиялик сайёҳлар танлаган йўналишлар орасида Абхазия ва Туркиядан кейин учинчи ўринни эгаллади", - деди элчи.
Euronews: Каспий денгизининг ҳозирги ҳолати қандай?
Сўнгги йилларда Каспий денгизидаги экологик вазият бутун дунё эътиборини тортмоқда. Қозоғистон соҳа мутахассислари ўртасида умумий тушунчани шакллантириш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун махсус Каспий денгизи тадқиқот институтини яратди. Бу ҳафта Euronews телеканалининг Modern Nomads дастури шу мавзуни ёритиб берди.
Каспий денгизи билан чегарадош беш давлат – Қозоғистон, Россия, Озарбайжон, Эрон ва Туркманистон сув сатҳининг камайиб кетишидан хавотирда. Сўнгги 20 йил ичида Каспий денгизидаги сув сатҳи икки метрдан кўпроқ пасайиб, маҳаллий экотизим учун жиддий хавф туғдирмоқда.
“Олимлар бу тенденция келажакда ҳам давом этишини тахмин қилмоқда, чунки денгизга кирадиган сувнинг 85 фоизини Россия ҳудудидан оқиб ўтувчи Волга дарёси беради. Волга дарёсининг ўзи яхши ҳолатда эмас.
Оқибатда тирикчилиги денгизга боғлиқ бўлган одамларнинг ижтимоий аҳволи оғирлашиб, сувда яшовчилар, масалан, тюленлар азият чекмоқда. Баъзан Каспий денгизидан ғарбий шамол эсаётганда қирғоққа чиқиб қолган тюленлар жасадини кўриш мумкин. Тюленлар экологлар учун денгиз ҳолатини кузатишнинг асосий кўрсаткичидир”, — дейди дастур бошловчиси Меруерт Жақия.
Шу боис Каспий денгизини қутқариш учун халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Теҳрон конвенцияси, Қозоғистон Каспий денгизи илмий тадқиқот институтини ривожлантириш каби келишувларнинг бажарилишини назорат қилиш бежиз эмас.