Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Афғонистонга транспорт экспорти, нефть чекловлари ва Марказий Осиёдаги етакчилик

Одатдагидек дунёнинг ахборот тарқатувчи интернет нашрлари мамлакатдаги кўплаб воқеаларга эътибор қаратди. Улар орасида Афғонистонга автомобиль сотиш режаси, бензин ва дизель ёқилғисидаги чекловлар ҳам бор. Нега Чехия вазири Қозоғистонни Марказий Осиёдаги энг потенциал давлат деб ҳисоблаган, Германияга нефть ташиш бўйича келишувнинг бориши ҳам тилга олинган. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Афғонистонга транспорт экспорти, нефть чекловлари ва Марказий Осиёдаги етакчилик
Коллаж: Kazinform

Аzernews: Қозоғистон Афғонистонга автомобиль экспорт қилишни режалаштирмоқда

ҚР Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғариннинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида автомобиль экспорти билан боғлиқ лойиҳа бошланади. Бундай ташаббусни Афғонистон томони кўтариб, соҳага оид учрашув ва тадбирлар ташкил этишни сўради. Бу ҳақда Аzernews  хабар берди.

Қозоғистон автомобилларни экспорт қилишга тайёр. Бош вазир ўринбосарининг айтишича, биринчи жўнатма келгуси йили амалга оширилиши мумкин. Ҳозирда компаниялар билан дастлабки музокаралар олиб борилмоқда, юзага келиши мумкин бўлган муаммолар кўриб чиқилмоқда. Мамлакат расмийларининг позициясидан келиб чиққан ҳолда, ташаббусни амалга ошириш учун иккита қадам аниқ бўлиши керак. Улар: Афғонистон томонидан ишончли ҳамкор топиш ва етказиб бериш йўлини аниқлаштириш.

22 октябрь куни Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон-Афғонистон бизнес форумида икки томон вакиллари яна бир бор мавзуни кўтардилар.

“Келгуси йилдан бошлаб Афғонистонда биринчи автомобиллар сотила бошлаши мумкин. Афғонистон томонига қурилиш ва компания муаммосини ҳал қилишни сўрадим. Бундан ташқари, икки давлат ўртасида тўлов алмашинуви масаласи ҳам ҳал қилинди. Кечаги форумда биз корреспондентлик ҳисобини очишга келишиб олдик. Ушбу ҳисоб Афғонистоннинг "Ғазанфар" банки ва Қозоғистоннинг "Заман" банки ўртасида очилади. Биз буни катта муваффақият ва Афғонистонга очилган дарча деб биламиз. Чунки тўловлар тўғридан-тўғри амалга оширилади. Бунгача Қирғизистон ва Ўзбекистон банклари орқали тўловларни амалга оширардик. Ҳозир бу ишлар билан Қозоғистон банки шуғулланмоқда”, — деди Серик Жуманғарин.

Daryo: Чехия Қозоғистонни Марказий Осиёдаги асосий ўйинчи деб билади

Чехия Республикаси Ташқи ишлар вазири Ян Липавский амалий ташриф билан Қозоғистонга келди. Вазир 30 йил давомида эришилган келишувларни тилга олиб, давлатлараро позиция ҳақида баёнот берди. Хусусан, у “Чехия Қозоғистонни Марказий Осиёдаги асосий ўйинчи сифатида кўришини” очиқ айтди. Вазирнинг сўзларини Daryo тақдим этди.

Ўтган йил, айниқса, икки томонлама муносабатлар учун самарали бўлди. Бу муносабатларда сезиларли ўзгаришларга олиб келди. Хусусан, томонлар мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликка эришди, Чехия эса L-39NG ва L-410 каби янги авлод самолётларини таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда Қозоғистоннинг SCAT авиакомпанияси Астана ва Прага ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очди. Škoda Auto эса Қозоғистонда автомобилларни йиғиш ва сотишни бошлади. Dibaq маҳаллий бозорга уй ҳайвонлари ва от емлари учун Fitminни экспорт қилмоқда. Бундан ташқари, Staropramen пивоси бозорга муваффақиятли кириб келгани ҳам айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Чехия Қозоғистон билан киберхавфсизлик, нанотехнология ва аэрокосмик муҳандислик каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш ниятида. Энергетика, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, фуқаро авиацияси, сунъий интеллект, шунингдек қайта тикланадиган энергия ва тиббий қурилмалар соҳасидаги лойиҳаларга қарши эмас.

“Масалан, жорий йилда Астана шаҳрида Жанубий Чехия университети иштирокида Чехия-Қозоғистон аквакултураси ва карп балиғини етиштириш илмий маркази очилди. Ушбу ҳамкорлик беш йилдан буён давом этмоқда ва асосий эътибор чучук сув аквакултурасини ривожлантириш ва диверсификация қилиш бўйича амалий тадқиқотларга қаратилган. Ташриф чоғида мен Қозоғистон олимларига дунёдаги энг кучли лазерлардан бири бўлган ELI Beamlines лазерини ўрганиш бўйича йирик Чехия тадқиқот маркази ишида иштирок этишни таклиф қилмоқчиман. Марказ ўз инфратузилмаси доирасида Қозоғистон тадқиқотчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор”, — деди Ян Липавский.

ТАСС: Нефть маҳсулотларини экспорт қилиш 2026 йилгача тақиқланади

Қозоғистон ҳукумати айрим нефть маҳсулотларини Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудидан ташқарига олиб ўтишни чеклайди. Нефть маҳсулотларини экспорт қилишга қўйилган тақиқни яна икки йилга узайтириш ҳақидаги ҳужжат Ashyq НҲА порталида эълон қилинди. Бу ҳақда Россиянинг ТАCC ахборот агентлиги ёзди.

Айни пайтда Қозоғистонда АИ-92 бензини ва дизел ёқилғиси истеъмоли ошган. Шунингдек, ёқилғи-мойлаш материалларини ноқонуний олиб чиқиб кетишнинг ойлик ҳажми 10 минг тоннага етганини ҳам қайд этиш мумкин. Қозоғистонда эса ёқилғи нархи қўшни давлатларникидан 17-107 фоизга арзон.

Бу йил Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари чегарадан ноқонуний равишда ёқилғи олиб ўтмоқчи бўлган фуқаролар ҳақида маълумот тарқатди. Аввалроқ, 2023 йилда айрим нефть маҳсулотларини экспорт қилиш тақиқланган ва чеклов 2024 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилган эди. Чекловлар самолёт ёқилғиси, дизель ёқилғиси, газойль, толуол ва битум каби маҳсулотларга қаратилган. Эслатиб ўтамиз, ЕОИИ таркибига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради.

Report: Қозоғистон Германияга йил давомида режалаштирилган нефтни 9 ой ичида етказиб берди

2024 йилда “Дўстлик” қувури орқали Германияга 1,1 миллион тонна Қозоғистон нефти етказиб берилди. Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистон жорий йилда 1,2 миллион тонна етказиб бериши керак эди. Сентябрда - 145 минг тонна, октябрда - 133 минг тонна нефть жўнатилди. Бу ҳақда Report  хабар берди.

Маълумки, Қозоғистон 2023 йилдан бошлаб “Транснефть” АЖнинг магистрал нефть қувурлари тизими орқали Адам нефт етказиб бериш пунктига хомашё ташийди. Ўтган йилнинг январ-сентябрь ойларида 590 минг тонна нефть экспорт қилинган бўлса, йил давомида жами 993 минг тонна нефть экспорт қилинди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев нефть экспортини кўпайтиришга тайёрлигини маълум қилди, Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев Германия йиллик нефть экспортини 2,5 миллион тоннагача оширишни сўраганини айтди.

Trend: Икки томонлама шартномалар имзоланди

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 33 та шартнома имзолади. Тадбир Самарқанд шаҳрида ўтказилган форум доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Trend хабар берди.

Шартнома қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тайёр маҳсулотлар савдосини оширишга ёрдам беради. Йиғилишда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда 200 га яқин компания вакиллари иштирок этди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги, агросаноат тармоғи, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича истиқболларга ойдинлик киритиб, ҳудудлараро даражадаги ҳамкорликни жонлантириш муҳимлигига эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган “Марказий Осиё” халқаро марказининг имкониятлари ҳам таҳлил қилинди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги етти йилда давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан 4,4 миллиард долларга етди. Январ-сентябрь ойларида бу кўрсаткич 3 миллиард долларни ташкил қилган. Ўзбекистонда озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 1000 дан ортиқ корхона Қозоғистон сармоясини олди.

Сўнгги хабарлар