Қозоғистон вакили илк бор БМТнинг аёлларга нисбатан камситишларга қарши қўмитасига аъзо этиб сайланди
NEW YORK. Кazinform - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциясига аъзо-давлатларнинг 23-кенгаши 2025-2028 йилларга мўлжалланган Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмита (CEDAW) аъзолари сайланди.

CEDAW аъзолигига илк бор Қозоғистондан номзод – таниқли қозоқ дипломати Мадина Жарбўсинова сайланди.
Бу муҳим тарихий воқеа, чунки бунгача Марказий Осиё давлатларидан ҳеч бири БМТнинг ушбу муҳим органида вакиллик қилмаган.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон гендер тенглиги соҳасида етакчи ҳисобланади.
Қозоғистон 146 давлат ўртасида гендер тенглигини баҳолашга мўлжалланган 2023 йилги Глобал гендер фарқи индексида 62-ўринни эгаллаб, ўз мавқеини яхшилаган ва 18 поғона юқорилаган.

Қозоғистон билан бир қаторда 20 та давлат вакиллари CEDAW даги 11 ўрин учун ариза топширди – Уммон, Швейцария, Ливан, Нидерландия, Гватемала, Андорра, Австралия, Непал, Грузия, Чили, Барбадос, ХХР, Зимбабве, Бурунди, Камерун, Мозамбик, Шимолий Македония, Уругвай, Буюк Британия ва Того.
Таъкидлаш жоизки, Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита (CEDAW) мустақил экспертлар органи бўлиб, “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенцияга аъзо давлатларнинг мажбуриятлари бажарилишини назорат қилади.
Қўмита таркибига дунёнинг турли давлатларидан аёллар ҳуқуқлари бўйича 23 нафар эксперт киритилган. Шартномада иштирок этувчи давлатлар ҳар тўрт йилда қўмитага тегишли ҳуқуқларнинг амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот тақдим этишлари шарт.
Ўз сессияларида Қўмита ҳар бир иштирокчи давлатнинг ҳисоботларини кўриб чиқади ва уларга якуний мулоҳазалар шаклида ўз фикр ва тавсияларини тақдим этади.
Қозоғистон ушбу халқаро ҳужжатга 1998 йилда қўшилган.