Қозоғистон ва ўзбекистонлик экспертлар Ўзбекистондаги конституциявий референдумни муҳокама қилишди
Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими, юридик фанлар доктори Равшан Ҳакимов ўз маърузасида Конституциянинг амалдаги таҳрири Янги Ўзбекистон тараққиёти ва шаклланишининг бугунги ва истиқболдаги устувор йўналишларини ўз ичига олганини таъкидлади.
«Асосий қонуннинг янги таҳририни яратишда турли соҳа вакиллари: ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Бошқа давлатларнинг халқаро тажрибаси ҳисобга олинди. Бу муҳим воқеа ўтган йили Қозоғистонда бўлиб ўтган эди ва ҳозир Ўзбекистонда ҳам шундай ўзгаришлар босқичи бўлиб ўтмоқда», – деди Равшан Ҳакимов.
Маърузачининг айтишича, конституциявий ислоҳотга тайёргарлик кўриш ва муҳокама қилиш жараёнида мамлакат аҳолисидан 222 минг 375 таклиф ва ташаббус келиб тушган. Натижада янги Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага кўпайди. 2-бўлимга инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли кўплаб модда ва қўшимчалар киритилди, шундан 15 таси бутунлай янги шаклда тақдим этилди.
Қозоғистонлик эксперт, «Интеллект Орда» халқаро ижтимоий-гуманитар тадқиқотлар интеграцияси институти директори, тарих фанлари доктори Саттар Мажитов Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар бутун Марказий Осиё минтақаси учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг етакчи сиёсий партиялари мамлакат Конституциясини такомиллаштириш жараёнини 2022 йил май ойида бошлаган. Жорий йилнинг март ойида оммавий муҳокамалар якунига етгач, Ўзбекистон Парламенти референдумни 30 апрелга белгилади.
Муаллиф: Мадибек Джанибеков