Қозоғистон ва Венгрия таълим соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади
Қозоғистон Президенти ва Венгрия Бош вазири икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақордага таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Венгриянинг тарихий илдизлари ва яқин алоқалари бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга асос бўлаётганини таъкидлади.
– Қозоқлар ва венгерлар азалдан қадрдош, дўст халқлардир. Икки давлатнинг тили, анъаналари ва маданияти ўхшаш. Ўрта асрларда Тўрғай даштидан Европага кўчиб келган қипчоқ қабилаларининг авлодлари бугун Венгрияда истиқомат қилади. Биз бундан фахрланамиз. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Қозоғистон-Венгрия ҳамкорлиги барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Бунда, муҳтарам Бош вазир жаноблари, Сизнинг ҳиссангиз беқиёсдир. Биз биродарлик ва ўзаро манфаатли муносабатларимизни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз. Ўйлайманки, бугунги музокаралар икки томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлайди, - деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун яхши институционал асос бор, деб ҳисоблайди. Давлат раҳбарининг фикрича, икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши фаол рол ўйнаши керак.
— Геосиёсий кескинликларга қарамай, ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан ортиқ ўсди. Ишончим комилки, яқин келажакда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш учун бизда тўлиқ имконият бор, – деди Қозоғистон Президенти.
Томонлар энергетика, транспорт, логистика, металлургия, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва туризм каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Шу билан бирга, музокараларда икки давлат қонун чиқарувчи органларида фаолият юритувчи дўстлик гуруҳлари орқали парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, БМТ, ЕХҲТ, ТДТ ва турли халқаро платформалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари икки давлат ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Бугун Астана кўчаларидан бирига венгер халқининг атоқли шоири Шандор Петефи номи берилади. Бу Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги яқин дўстона муносабатларнинг яна бир ёрқин далилидир.
Ўз навбатида Виктор Орбан Қасим-Жомарт Тоқаев ва қардош Қозоғистон халқига қабул учун миннатдорлик билдирди.
- Муҳтарам Президент жаноблари! Биз Қозоғистонга доимо ўзгача қувонч билан келамиз. Биз бу ерда охирги марта пандемиядан олдин бўлган эдик. Шунда ҳам икки томонлама муносабатларимиз жуда муваффақиятли ривожланди. Аммо коронавирус барча мулоқотимизни секинлаштирди. Биз бугун ўзаро муносабатларимизга янги туртки бериш учун келдик. Кўп асрлик тарихимиз бизни Марказий Осиё минтақасидаги Қозоғистон билан боғлаб туради. Шунинг учун биз сизларнинг ҳар бир ютуғингиздан хурсандмиз. Қозоғистон муваффақиятли ривожланаётган ажойиб мамлакат. Қозоғистондан доим катта таассурот билан қайтаман, – деди Венгрия Бош вазири.
Музокаралар натижасида таълим соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.