Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги савдо айланмаси бир йил ичида 30 фоизга ошди
Алибек Қуантиров ўз нутқида Қозоғистон Венгрия билан иқтисодий муносабатларни юксак қадрлашини таъкидлади.
«Қозоғистон Венгрияни Европа Иттифоқидаги муҳим истиқболли ҳамкор деб билади. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатларимиз ўртасида барқарор ва жадал ривожланаётган савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатилди», - деди у.
2022 йилнинг январ-ноябр ойларида Қозоғистон ва Венгрия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 29,1 фоизга ўсиб, 158,7 миллион долларни ташкил қилди.
«Бизда ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Хусусан, молия соҳасида, жумладан, «Астана» халқаро молия маркази, қишлоқ хўжалиги, энергетика, юк-йўловчи ҳаво транспорти, ахборот технологиялари, экология, гуманитар соҳаларда салмоқли истиқболларни кўрмоқдамиз», — деди вазир.
Шунингдек, МИВ раҳбари Қозоғистондаги ҳозирги иқтисодий вазият ҳақида гапириб берди.
«Салбий ташқи омилларга қарамай, 2022 йилда мамлакат иқтисодиёти 3,1 фоизга ўсди. Ўтган йилнинг январ-ноябр ойларида ташқи савдо айланмаси 34 фоизга ўсиб, 122,2 миллиард долларни ташкил этди», — дея аниқлик киритди А.Қуантиров.
Вазирнинг шахсан ўзи инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
– Амалдаги қонунчилик доирасида инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар – солиқ имтиёзлари, божхона тўловларидан озод қилиш кўринишидаги преференциялар, натура шаклида грантлар берилмоқда. 73 давлат фуқаролари Қозоғистонга визасиз киришлари мумкин. Бу давлатлар қаторига Венгрия ҳам киради. Жорий йилда Қозоғистон глобал рақобатбардошлик рейтингида ТОП-43 давлат қаторига кирди. Ҳукумат Қозоғистон Республикасининг 2026 йилгача бўлган инвестиция сиёсати концепциясини қабул қилди. Унда сармояларни жалб қилиш сиёсатини қайта кўриб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган», — дея хулоса қилди Миллий иқтисодиёт вазири.
МИВ раҳбари ишбилармонлар кенгаши майдонида бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувда Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров ва Венгрия Молия вазири Михай Варга ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва таълимни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, А.Қуантиров Венгрия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг саноат сиёсати ва технологиялари давлат котиби Гергей Фабиан билан учрашди.
Томонлар иқтисодий ислоҳотлар, тариф сиёсати ва тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Фото: t.me/presseconomy