Қозоғистон ва Ўзбекистон вилоятлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳужжатлар имзоланди
TASHKENT. Kazinform – Тошкентда ўтказилган “Ипак йўли туризми” 29-халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда Xabar.uz ёзди.
Хусусан, Алмати ва Тошкент шаҳарлари ҳамда Алмати ва Жиззах вилоятлари туризм бошқармалари, шунингдек, Қозоғистон реставраторлар клублари уюшмаси ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум тасдиқланди.
Ҳужжатларни имзолаш маросимида иштирок этган Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бейбит Атамқулов ҳамкорлик меморандумлари минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш, сайёҳлар сонини кўпайтириш, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Томонлар ҳамкорликда туризм йўналишларини ривожлантириш ва тажриба алмашишга келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, 16 ноябрь куни Алматидан жўнаб кетган Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги биринчи туристик поезд Тошкентга етиб борди. «Jibek joly» рамзий номини олган поезд икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашинувини янада жонлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашинуви кенгаймоқда. Маълумотларга кўра, ярим йилда Ўзбекистонга 668 мингдан ортиқ қозоғистонлик ташриф буюрган. Охирги 6 ойда эса Қозоғистонга келган ўзбекистонликлар сони 420 минг нафарга етди.