Қозоғистон ва Тожикистон ўзаро савдо айланмасини 1 млрд доллардан ошириш ниятида
Президентнинг таъкидлашича, бугунги музокаралар яна бир бор Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражасини намойиш этди.
Қасим-Жомарт Тоқаев учрашув натижаларини юқори баҳолади ва томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини аниқлай олишганини айтди.
«Қозоғистон Тожикистоннинг асосий савдо шерикларидан биридир. Ўтган йил натижаларига кўра, биз ўзаро товар айланмасининг аввалги ҳажмини сақлаб қолиш билан бирга, товар айланмасини 800 миллион долларга етказдик. Пандемия ҳолатида бу ёмон кўрсаткич эмас», - деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасидаги транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Президентнинг сўзларига кўра, транспорт ҳажми ошишига янги туртки бериш мақсадида икки мамлакат ҳукуматларига тариф сиёсатини оптималлаштириш ва транспорт талабларини яхшилаш чораларини кўриш топширилган.
Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу келишувларни муваффақиятли амалга ошириш ўзаро савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказишга ва яқин келажакда бу кўрсаткични икки баравар оширишига ишонч билдирди. Бундан ташқари, музокаралар давомида сув-энергетика ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.