Қозоғистон ва Россия: стратегик шерикликнинг янги уфқлари
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Президенти Қ. К. Тоқаевнинг “Известия” газетасида мақоласи чоп этилди.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ва бузилмас дўстликнинг ҳақиқий инъикосидир. Икки давлатнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари бир-бири билан чамбарчас боғланган тарихий ва маданий алоқаларга, шунингдек, икки халқ келажаги учун умумий масъулиятга асосланади.
Мамлакатларимиз мисли кўрилмаган глобал муаммоларга қарамай, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик намунасини кўрсатмоқда. Бу ҳамкорлик умумий манфаат, ўзаро ҳурмат, олий даражадаги конструктив сиёсий мулоқотга асосланади.
Россия Президенти Владимир Владимирович Путин билан доимий алоқадамиз. Ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларимиз ўзининг самимийлиги ва ишбилармонлиги билан ажралиб туради. Бундай яқин муносабатлар юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, мамлакатларимиз ўртасидаги чинакам дўстликни мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Сўнгги бир йил ичида Россия Президенти билан тўртта тўлақонли музокаралар ўтказдик. Халқаро тадбирлар доирасида бир неча бор учрашиб, тез-тез телефон орқали мулоқот қилдик.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Биз бунга икки давлат ҳукуматлари ва бизнес вакилларининг саъй-ҳаракатлари туфайли эришдик.
Айни пайтда Қозоғистонда Россиянинг 23 минг компанияси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Уларнинг 4 мингтаси охирги бир йилда яратилган. Ҳамкорлигимиз суръати юқори эканлиги аллақачон аён бўлди.
Икки томонлама сармоя миқдори ҳам ошди. 2023 йилда Россия компаниялари Қозоғистонга 3 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди. Қозоғистон ҳам Россия иқтисодиётига шунча маблағ киритган. Мамлакатларимиз бизнес юритиш учун қулай муҳит шакллантириб, инвесторларни қўллаб-қувватлаш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
Қозоғистон ва Россия энергетика, саноат, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг кўламда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозиргача умумий қиймати 18 миллиард доллардан ортиқ бўлган 90 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилди. Ҳозир ҳам 49 та истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бу муҳим лойиҳалар қаторида Қозоғистонда 3 та иссиқлик электр станцияси қурилиши ва Экибастуз ГРЭСини модернизация қилишни алоҳида таъкидлаш мумкин. Шу жумладан, мамлакатнинг бир қатор ҳудудларини газ билан таъминлаш, шунингдек, жанубий ва шарққа ташиладиган Россия энергия ресурслари ҳажмини ошириш билан боғлиқ кенг кўламли ташаббуслар мавжуд.
Астана ва Москва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида муваффақиятли ишламоқда. Эндиликда бу тузилма Евроосиё маконида иқтисодий интеграциянинг муҳим механизмига айланди ва халқаро миқёсда обрў-эътибор қозонди.
Бу йил Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома тузилганига 10 йил тўлди. Қозоғистон ва Россия энг бошиданоқ глобал миқёсда рақобатбардошлик қобилиятини ошириш учун ҳар томонлама ҳамкорлик ва муносабатларни изчил мустаҳкамлашга интилди. Шунинг учун ҳам бирлашма тузиш ташаббуси билан чиқди ва ушбу ташкилотга асос солди. Ўшандан бери Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўзига аъзо давлатларнинг иқтисодий сиёсатини интеграциялашуви ва ўзаро савдони ривожлантириш жараёнини муваффақиятли амалга оширувчи жуда муҳим платформа сифатида ўз самарасини кўрсатди.
Россия Президенти Владимир Владимирович Путиннинг Қозоғистонга давлат ташрифи Қозоғистон-Россия муносабатлари тарихида жуда муҳим воқеа бўлади. Юксак халқаро мақомга эга бўлган ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муҳимлигини кўрсатади.
Астанадаги учрашувда Россия Президенти билан биргаликда савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, ёқилғи-энергетика, фан-техника соҳаларидаги ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қиламиз. Биз халқаро ташкилотлар ва интеграцион тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорлик жараёнини кўриб чиқишни режалаштирганмиз. Биз, афсуски, ҳозир кескинлашиб бораётган дунёдаги вазиятни ҳам муҳокама қиламиз.
Биз, қозоғистонликлар, мамлакатларимизни дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси боғлаб туришини доимо ёдда тутамиз. Буни азалий дўстлик ва чинакам дўстлик чегараси, деб биламиз. Ҳар икки томоннинг чегара ҳудудларида 32 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу ҳам жуда муҳимдир. Давлатлараро муносабатларимизни мустаҳкамлашга ҳар икки мамлакат ҳудудлари салмоқли ҳисса қўшмоқда. Шу боис давлат раҳбарларининг XX Ҳудудлараро ҳамкорлик форумида биргаликда иштирок этиши ушбу ташриф доирасида муҳим воқеа бўлади.
Ўйлайманки, бўлажак ташриф сармоя ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни жонлантиришга катта туртки беради, икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида қўшма лойиҳаларни бошлашга хизмат қилади.
Мамлакатларимиз Буюк Ғалабанинг 80 йиллигини муносиб нишонлашга ҳозирлик кўрмоқда. Умумий тарихга ҳурмат ҳар доим Қозоғистон ва Россия ҳамкорлигига асос бўлади.
XX асрда халқларимиз инсоният тарихидаги энг шафқатсиз урушда фашизмни мағлуб этиб, оғир синовни биргаликда енгди. Қозоғистонликлар жанг майдонида жонларини аямай курашдилар. Қозоғистон армияни қурол-яроғ ва озиқ-овқат билан таъминлаб, ишончли стратегик фронт ортига айланди. Эвакуация пайтида юз минглаб оилалар қозоқ ерларидан бошпана топди.
“Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди” деген сўзлар қозоғистонликлар учун шунчаки шиор эмас. Бу тушунча фронтчилар ва фронт орти меҳнаткашларининг такрорланмас қаҳрамонлиги юрт хотирасида мангу сақланиб қолишини англатади.
Икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар жадал ривожланмоқда. Оммага манзур маданият кунлари, фестиваллар, кўргазмалар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўтган йили мамлакатимизда “Рус мавсуми” номи остида кенг кўламли тадбирлар ташкил этилди. Бу йил эса Москвада Астана маданият кунлари бўлиб ўтди. Айтиш мумкинки, “Абай” операси асосий воқеа сифатида Катта театрда саҳналаштирилди. Шунингдек, Россиянинг асосий музейлари - Третьяков галереяси ва Эрмитажда Қозоғистон кўргазмаси очилади.
Қозоғистон жамоаси Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган “Келажак ўйинлари”да иштирок этди. Россиялик спортчилар Астанадаги Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида чиқиш қилишди. Бу маданий-гуманитар алоқаларни янгича форматда ривожлантириш муҳимлигидан далолатдир. Биз бу яхши анъанани давом эттирамиз ва Россия ташаббуси билан 2026 йилда Қозоғистонда “Келажак ўйинлари”нинг навбатдаги мусобақасини ўтказамиз.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик мазмуни ҳам ортиб бормоқда. Мамлакатнинг жанубий вилоятларида рус мактабларини очишни режалаштирганмиз. Худди шундай, Россиянинг бизга қўшни шаҳарларида ҳам Қозоғистон мактаблари очилишига ишонамиз.
Айни пайтда Россия таълим муассасаларида Қозоғистондан 60 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Астанада Москва давлат халқаро муносабатлар институти филиалини, Омск шаҳрида Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети ваколатхонасини очишни режалаштирганмиз. Республикамиздаги 3500 дан ортиқ мактабда Пушкин тилида таълим йўлга қўйилган, телеканал ва радиостанцияларда янгиликлар, газета ва журналлар чоп этилмоқда. Деярли ҳар бир вилоятда рус драма театрлари мавжуд бўлиб, улар томошабинларга манзур бўлади.
Мамлакатимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида рус тили билан боғлиқ халқаро ташкилот тузиш ташаббуси билан чиқди. Ташкилот рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш мақсадида МДҲ давлатлари ўртасидаги алоқани ривожлантириш билан шуғулланади. Бу қадам халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишончни мустаҳкамлашига ишонаман.
Қозоғистон ва Россия кўп қутбли дунё, тинч мулоқот, барча давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиш ғояларини улуғлайди, халқаро майдонда ўзаро муваффақиятли муносабатларга эга.
Икки давлатнинг кўплаб глобал ва минтақавий муаммолар бўйича позициялари бир-бирига мос келади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш ва бошқа интеграцион бирлашмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик бунинг ёрқин далилидир.
Шу йилнинг июлт ойида Астана шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити бўлиб ўтди. Унда “Адолатли дунё, келишув ва тараққиёт йўлидаги жаҳон бирлиги” декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ташкилот Евроосиёда янги, ягона ва бўлинмас хавфсизлик архитектурасини яратишга ҳисса қўшиши мумкинлигини исботлайди.
Жорий йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири МДҲга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари кенгашининг октябрь ойида Москва шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиши бўлди. Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Бу йил Қозоғистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига раислик қилмоқда. Астанада бўлиб ўтадиган саммит минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамловчи асосий воқеа бўлади. Мамлакатимиз коллектив хавфсизликни тинч йўл билан таъминлаш ва ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлайди.
БРИКС ташкилотининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган тарихий саммити жуда самарали бўлганини ҳам қайд этишни истардим. Ушбу форум Владимир Владимирович Путиннинг иродаси ва обрўси ҳамда Россиянинг дунё аҳолисининг 45 фоизи манфаатларини ҳимоя қилувчи уюшмага самарали раислиги туфайли ўтказилди.
* * *
Хулоса қилиб айтганда, бу йил икки томонлама муносабатларимиз учун самарали йил бўлди, деб ишонч билан айтишимиз мумкин. Шу билан бирга, 2025 йилда кўплаб қўшма ташаббуслар, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятлар мавжуд. Буларнинг барчаси ҳар икки давлат фуқароларига ҳам манфаат келтиришига ишонаман.
Қозоғистон ва Россия ўртасида яхши қўшничилик ва иттифоқчилик руҳига асосланган фидокорона дўстлик мустаҳкамланди, энг муҳими, ўзаро ишонч ўрнатилди. Биз биргаликда мамлакатларимизнинг асосий манфаатларига мос келадиган энг дадил ғояларни амалга оширишимиз мумкинлигига ишонаман. Қозоғистонга келадиган бўлсак, биз можаролар ва ҳалокатларга бой тарихнинг мураккаб даврида Россиянинг ишончли стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси бўлиб қоламиз.