Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражадаги 26,1 миллиард долларга етди
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таклифига биноан Россия Федерациясига расмий ташриф билан борди.
Ташриф доирасида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия Федерацияси Президентининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
Мурат Нуртилеу ва Сергей Лавров, шунингдек, Қозоғистон-Россия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига оид долзарб масалалар, шунингдек, интеграция бирлашмалари, жумладан, МДҲ, ЕОИИ, КХШТ доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди.
Ҳудудлараро ва трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Россия Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкоридир. Биздаги маълумотларга кўра, икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражадаги 26,1 миллиард долларга етди», – деди Мурат Нуртилеу.
Томонлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, бўлажак тадбирларга олий ва юқори даражада тайёргарлик кўриш жараёнини кўриб чиқдилар.
Учрашув якунлари бўйича Қозоғистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Фото: ҚР ТИВ матбуот хизмати