Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги савдо айланмаси 2,5 баробар ошди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ва Покистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишга ва 40 хил турдаги товарлар етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда ҚР Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
8 сентябрда Исломобод шаҳрида ҚР Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев ва Покистон Ислом Республикаси Федерал савдо вазири Жам Камол Хон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил ноябрь ойида Исломобод шаҳрига расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
“2025 йилнинг 7 ойи якунларига кўра, Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 89,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига (36,3 миллион АҚШ доллари) нисбатан 2,5 баробар кўпдир. Қозоғистон экспорти 7,2 бараварга ошиб, 55,5 миллион АҚШ долларини, импорти эса 19,3 фоизга ошиб, 34,1 миллион долларни ташкил этди.
Қозоғистондан Покистонга экспорт қилинадиган асосий товарларга хом нефть, қуритилган дуккаклилар, донлар, шунингдек, машина ва ускуналар киради. Покистондан Қозоғистонга импорт қилинадиган асосий маҳсулотлар озиқ-овқат маҳсулотлари (картошка — 27,1%, цитрус мевалар — 18,8%), кийим-кечак ва тўқимачилик (25%), дори-дармонлар (11,3%)”, — дейилади Савдо ва интеграция вазирлиги баёнотида.
Вазир Арман Шаққалиев Қозоғистон ва Покистон ўз олдига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича юксак мақсад қўйганини таъкидлаб, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, фармацевтика каби 40 та товар тури бўйича етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини билдирди.
2025-2027 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳужжат жорий йил апрель ойида имзоланган. Қозоғистон томони ҳамкорларни ҳужжатда кўрсатилган чора-тадбирларни аниқ амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди. Томонлар, шунингдек, электрон тижорат соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини қайд этдилар. Ушбу йўналиш сезиларли ўсиш салоҳиятига эга.
ҚР Президентининг Исломободга ташрифи арафасида «Made in Kazakhstan and Pakistan» товар ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси ва Қозоғистон-Покистон бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган. Томонлар тадбир дастури, учрашувлар формати ва иштирокчилар таркибига биргаликда тайёргарлик кўришни бошлади.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналиши - транзит савдоси бўйича битим имзолаш. Ушбу шартнома лойиҳаси келишилган ва ноябрь ойида имзолашга тайёрланмоқда.
Ўз навбатида, Покистон томони Карачи шаҳридаги кўргазмада Қозоғистон делегациясининг эришган ютуқларини юқори баҳолаб, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, маҳсулотларни қайта ишлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, аккредитация ва сертификатлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.
Вазир Жам Камол Хон Покистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапирди. Қайта молиялаш ставкасини пасайтириш, саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши, махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига технологияларни жорий этиш шулар жумласидандир.
Геология-қидирув ва тоғ-кон саноати, тўқимачилик саноати, IТ ва сунъий интеллект, шунингдек, кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича вазирлар Қозоғистон Президентининг Исломободга бўлажак ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашига ишонч билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Покистон Президенти билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик.
Қозоғистон-Покистон транспорт ва логистика консорциумини ташкил этиш таклиф қилинди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири амалий ташриф билан Покистонга борди.