Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Қозоғистоннинг Озарбайжондаги Элчиси Алим Байел Озарбайжон Республикаси Энергетика вазири, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қозоғистон-Озарбайжон ҳукуматлараро комиссияси раиси Парвиз Шаҳбозов билан учрашди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Учрашувда томонлар савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболини муҳокама қилдилар.
Алим Байел Қозоғистон ва Озарбайжон Давлат раҳбарларининг ўтган ва жорий йилда амалга оширилган ўзаро ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки бўлганини таъкидлади. Жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон Бош вазирининг Озарбайжонга расмий ташрифи самараси қайд этилди. Мазкур ташриф доирасида имзоланган 40 га яқин ҳужжатда қисқа ва ўрта муддатли истиқболга йўналтирилган ҳамкорлик конспектлари ўз ифодасини топган.
Парвиз Шаҳбозов, шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Илҳом Алиев ўртасидаги ишончли мулоқот икки давлатнинг барча даражадаги яқин ва самарали ҳамкорлигига хизмат қилишини таъкидлади. Вазир 2023 йил 3-4 октябрь кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг биринчи энергетика форумида иштирок этишни режалаштираётганини айтди.

Томонлар иқтисодий соҳадаги ҳамкорликдаги фаолиятни, нафақат икки давлат, балки бутун минтақа учун катта геоиқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга оширишни юқори баҳоладилар. Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини янада ривожлантириш, Каспий денгизи остидан электр кабелини ётқизиш бўйича янги лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, Озарбайжон орқали Қозоғистон нефти экспортини кўпайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Қайд этилишича, Каспий денгизи туби бўйлаб оптик толали алоқа тармоғини ётқизиш бўйича долзарб ишлар бошланган.
Шунингдек, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти самарадорлиги ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик жараёнларини жонлантириш бўйича комиссия ишининг янги форматини жорий этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, “ҚазМунайГаз” МК АЖ ва Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, 2023 йил март ойидан бошлаб Ақтау-Боку-Жайҳон йўналиши бўйича йилига 1,5 миллион тонна Қозоғистон нефти ташилади.
Келгуси бир неча йил ичида бу ҳажм сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. 2023 йилнинг март-август ойлари орасида Боку-Тбилиси-Жайҳон йўналиши бўйича Ақтау портидан нефть жўнатиш ҳажми 520 минг тоннага етди. Шу билан бирга, Қозоғистон томони Боку-Супса қувури орқали 5 миллион тонна нефтни ташиш имкониятларини, шунингдек, Қозоғистон нефтини темир йўл орқали Қора денгиз терминалларига етказиш имкониятларини ўрганмоқда.
Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикаси давом этмоқда. 2023 йилнинг 7 ойи якунларига кўра, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50,8 фоизга (229,1 миллион доллардан 345,6 миллион долларгача) ўсди.
202 йил бошидан буён Ўрта йўлак (Транскаспий халқаро транспорт йўналиши) бўйлаб юк ташиш ҳажми 85,3 фоизга ўсди ва 1,7 миллион тоннадан ошди. Бундан ташқари, 2023 йилда Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро рейслар сони ҳафтасига 32 рейсдан 42 рейсга оширилади.
Суҳбат якунида Қозоғистон Элчиси икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор ташаббусларни таклиф қилди.
Муаллиф: Эльмира Оралбаева