Қозоғистон ва Муқаддас Тахт: дипломатик муносабатлар тарихи

ASTANA. Кazinform - Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 19 январь куни расмий ташриф билан Ватиканга боради. Ташриф доирасида Қозоғистон раҳбари ва Рим Папаси Франциск ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Шу муносабат билан икки давлат ҳамкорлигининг асосий мавридлари ҳақида шарҳни тақдим этамиз.

Рим Папаси ва Тоқаев
Фото: Akorda.kz

1992 йил март ойининг ўрталарида Москвадаги папа нунцийси архиепископ Франческо Коласуонно ва унинг ваколатхонадаги атташеси Р. Чемус Қозоғистонга ташриф буюрди. Улар Қарағанди ва Алмати шаҳарларига боришди, ТИВ қабулида бўлишди. Бундан ташқари, муфтий Ратбек ҳожи Нисанбайули ва православ руҳонийлари билан учрашди. Архиепископ кичик матбуот анжумани ва месса маросимини ўтказди.

1992 йил 15 февралда икки давлат ўртасида нота алмашилди, 17 октябрда Қозоғистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Осиёдаги биринчи давлат сифатида Ватикан билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатди. Ўша йили Қозоғистонда Ватиканнинг дипломатик ваколатхонаси ва Апостол нунциатураси очилди.

1998 йил сентябрда Қозоғистон ва Ватикан ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди.

2001 йил 2 сентябрда Қозоғистоннинг Швейцария Конфедерациясидаги Элчиси Нурлан Даденов Президент фармони билан Қозоғистоннинг Ватикан давлатидаги Элчиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

2001 йил 22-25 сентябрь кунлари Рим Папаси Иоанн Павел II мамлакатнинг фахрий меҳмони бўлди. Ўша ташриф чоғида Рим Папасининг “Сенга, Қозоғистон ва сенинг барча аҳолингга Худо марҳамат айлаб, сенинг келажагингга тотувлик ва тинчлик нурини ёғдирсин” деб дуо қилган нутқи Президент архивининг 5-Н фондида сақланмоқда.

Ўша сафари давомида понтифик Давлат раҳбари, Қозоғистон ёшлари, маданият ва санъат намояндалари билан учрашди. Православ диндорлар учун месса маросимини ўтказди.

Понтифик
Фото: studentportal.pl

 

2001 йил 16 декабрда Астана шаҳрида Апостол нунциятурасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қозоғистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар раҳбарлари иштирок этди.

2003 йил 6 февралда Н. Назарбоев Италияга расмий ташрифи доирасида Ватиканда Рим Папаси Иоанн Павел билан учрашди. Ушбу учрашувдан сўнг Ватикан Давлат котиби А. Содано билан музокаралар олиб борилди.

2018-йилнинг 6 июль куни Парламент Сенати раиси Қасим-Жомарт Тоқаев Ватиканга ташриф буюрди. Ватикан Давлат котиби Пьетро Паролин билан учрашувда томонлар икки давлат позициялари глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш, динлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни давом эттиришга яқин эканини тасдиқлади.

Пьетро Паролин
Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

 

2021 йилнинг 6 ноябрь куни Парламент Сенати раиси, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи котибияти раҳбари Маулен Ашимбаев Ватиканда бўлди. Маулен Ашимбаев ўзининг амалий ташрифи доирасида Рим Папаси Франциск билан учрашди ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев номидан Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съездига таклифнома топширди.

Суҳбат чоғида Сенат раиси Қозоғистоннинг динлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва глобал динлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ҳақида гапириб, уларнинг Ватикан фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигига эътибор қаратди.

“Миллатлараро тинчлик ва тотувлик, ҳар бир фуқаронинг диний қарашларини ҳурмат қилиш қозоқ маданияти ва менталитетининг ажралмас қисмидир. Биз бағрикенгликни сақлаш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келяпмиз. Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз Нурсултон Назарбоев 2003 йилда Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съездини чақириш ташаббуси билан чиқди. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Съезд котибияти раҳбари сифатида мазкур Форум ишини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди”, — деди Маулен Ашимбаев.

Учрашувда Рим Папаси Франциск Қозоғистон мамлакати глобал динлараро мулоқотни ривожлантиришда катта рол ўйнашини таъкидлади. Сенат раиси Ватикан Давлат котиби Пьетро Паролин билан ҳам учрашиб, Қозоғистон ва Ватикан ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, у Динлараро мулоқот бўйича Папа кенгаши президенти, кардинал Мигель Анхель Аюсо Гиксот билан учрашди.

2022 йил 1 июль куни Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеубердининг Ватикан Давлатига расмий ташрифининг иккинчи кунида Муқаддас Тахтнинг давлатлар билан алоқалар бўйича котиби (Ташқи ишлар вазири) архиепископ Пол Ричард Галлахер билан учрашди. Музокаралар чоғида икки ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Қозоғистон Республикаси ва Муқаддас Тахт ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотини имзоладилар.

Ушбу ташриф доирасида Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Р. Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти бош директори, профессор Дукен Масимханули ва Ватикан Апостол архиви ҳамда Ватикан Апостол кутубхонаси ва архиви раҳбари Хосей Толентино икки муассаса ўртасида илмий ва маданий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида меморандум имзолади. Шарқшунослик институти Ватикан архивларида туркий дунё ва Европа муносабатларига оид илгари нашр этилмаган лотин, илк герман ва скандинавия тилларидаги манбаларни излаш, шунингдек, Олтин ўрда тарихининг асл тарихини қайта тиклаш учун архив материалларини ўрганиш ниятида.

2022 йил 17 октябрда Қозоғистон ва Ватикан икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги муҳим кун – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлади. Ушбу 30 йил давомида Қозоғистон ва Муқаддас Тахт ўртасида мустаҳкам ўзаро ҳурмат ва умумий устуворликларга асосланган дўстона алоқалар ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожлана олди.

2022 йилда Қозоғистон-Ватикан ҳамкорлигининг шартнома-ҳуқуқий базаси сезиларли даражада кенгайтирилди. Хусусан, Қозоғистон университет тиббиёт маркази ва “Бамбино Жезу” шифохонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 1998 йилдаги Алоқалар тўғрисидаги шартномага Қўшимча келишув имзоланди.

2022 йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Рим Папаси Франциск давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлди. Шу куни Рим Папаси Ақордада Қозоғистон Президенти билан учрашди. Қасим-Жомарт Тоқаев фахрий меҳмонга катта ҳурмат-эҳтиром изҳор этиб, Рим Папасига Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съездида иштирок этиш таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.

Рим Папаси
Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

 

14 сентябрь куни бўлиб ўтган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII cъездида Рим Папаси Франциск буюк шоир Абай инсоният учун катта аҳамиятга эга бўлган масалаларни кўтарганини таъкидлади.

“Энг муҳим саволларга жавоб топишимиз керак. Биз маънавиятни юксалтиришимиз керак. Абай ёзганидек, тирик бўлсанг ҳам, қалбинг ўлик бўлса, ақл топишга сўз тушуна олмайсан. Шунинг учун қалб ва онгни тоза сақлаш керак”, — дея қўшимча қилди Рим Папаси.

Шу куни Рим Папаси Франциск пойтахтдаги EXPO халқаро кўргазмалар маркази ҳудудида месса ўтказди ва Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдирди.

“Мамлакатнинг фуқаролик ва диний идораларига ушбу худога ибодат маросими ва ташрифимни ташкил этгани учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман. Барчангизга, айниқса, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан ва бу чексиз даштнинг турли бурчакларидан келган одамларга ҳурматимни изҳор этаман. Кексалар ва беморларга, болалар ва ёшларга чин қалбимдан дуоларимни йўллайман”, - деди диний раҳнамо “муқаддас хоч кўтариш” маросимини ўтказар экан. Ушбу хочда "Қозоғистон халқига - миннатдорчилик, одамларга - тинчлик" ёзуви босилган.

Муқаддас хоч кўтарилиши байрамига бағишланган мессада республика вилоятлари, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлардан минглаб зиёратчилар иштирок этди. Шунингдек, Руминия, Германия, Польша, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон, Беларусь ва Тожикистондан ҳам диндорлар келган.

Тоқаев Рим Папасига дўмбира совға қилди
Фото: Akorda.kz

 

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Қозоғистонда Рим-католик черковининг 93 та уюшмаси фаолият кўрсатмоқда.

Сўнгги хабарлар