Қозоғистон ва Қирғизистон қор барси популяциясини сақлаб қолиш бўйича келишув имзолади
ALMATY. Kazinform – Алмати шаҳрида Қозоғистон ва Қирғизистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари ўртасида қор барсини муҳофаза қилиш ва асрашга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар беради Кazinform агентлиги мухбири.
Ҳамкорликдан кўзланган мақсад Шимолий Тянь-Шань тоғларида қор барси ва унинг табиий яшаш муҳитини сақлаб қолишдир.
Меморандум доирасида тўртта алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар жалб этилади:
- “Кўлсой кўллари”/ «Көлсай көлдері» давлат миллий табиат боғи;
- Алмати давлат қўриқхонаси;
- Или-Алатау давлат миллий боғи;
- Қирғизистон Республикасининг "Чон Кемин" давлат табиий боғи.
— Бугунги кунда Қозоғистонда қор барслари сонининг кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда. Қор барсини ўрганиш ва муҳофаза қилишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли 2019 йилдан буён унинг популяцияси мамлакатимизда 20 фоиздан кўпроққа кўпайиб, 152-189 бошни ташкил этди. Ушбу меморандум жаҳон аҳамиятига эга турни сақлаш бўйича республикаларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, — деди Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Нуркен Шарбиев.
Келгуси беш йил давомида томонлар қор барси, унинг яшаш жойлари ва озуқа таъминотини мониторинг қилишга қаратилган қатор ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, трансчегаравий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Қирғизистон Республикаси табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири ўринбосари Мирслав Аманқуловнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда 400 дан ортиқ қор барслари яшайди, бироқ уларнинг тарқалиши бир республика ҳудуди билан чекланмайди.
- Қор барси ва унинг яшаш муҳитини ўрганиш ва асраб-авайлаш, браконьерлик, озиқланиш ва яшаш жойларининг инсон фаолияти туфайли қисқариши каби жиддий таҳдидларнинг олдини олиш, манфаатдор томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги зарур. Қозоғистон ва Қирғизистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари ўртасида имзоланган меморандум бу борадаги саъй-ҳаракатларга хизмат қилади, - деди Мирслав Аманқулов.
Беш йиллик келишув БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги ташаббуси билан Глобал экологик фонд (ГЭФ) кўмагида ўрмон экотизимлари ва биологик хилма-хилликни, шу жумладан, Қозоғистондаги қор барсини сақлаш бўйича олти йиллик (2018-2024) лойиҳа доирасида тузилган.
Муаллиф: Еламан Турисбеков