Қозоғистон ва Эстония ректорлари форуми бўлиб ўтди
ASTANА. Кazinform – Эстония Президенти Алар Кариснинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Қозоғистон ва Эстония олий ва олий таълимдан кейинги етакчи ташкилотлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Фан ва олий таълим вазирлиги хабар берди.
Эстония Президенти форумни очиб, глобал ўзгаришлар шароитида таълимнинг муҳим ролига эътибор қаратди.

— Таълим ҳар доим тараққиётнинг асоси бўлиб келган. Бугунги кунда у тарихдаги энг кенг кўламли ўзгаришлардан бирини бошдан кечирмоқда. Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бизнинг ўқиш, ишлаш ва бир-биримиз билан ўзаро муносабатимизни ўзгартирмоқда. Айнан шу тез ўзгаришлар даврида университетлар ва илмий-тадқиқот институтлари жамиятга мураккаб жараёнларни тушунишга ёрдам бериб, инновациялар инсон тараққиётига хизмат қилишини таъминлашда муҳим рол ўйнайди, — деди А. Карис.
Форумда Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек, вазир ўринбосари Гулзат Кўбенова, шунингдек, Эстония Таълим ва тадқиқотлар вазирлиги вазири ўринбосари Райво Вьенталь иштирок этди. Етакчи университетлар ректорлари Эстония Президенти билан расмий делегация таркибида Қозоғистонга келишди.

Эстония томонидан форумда Tallinn University, Estonian Academy of Arts, Estonian University of Life Sciences, Tallinn University of Technology, Estonian Academy of Music and Theatre, Tartu University каби олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида таклиф этилган эксперт, икки тилли ва кўп тилли таълим, таълим тизимларини ислоҳ қилиш ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги таниқли эстон тадқиқотчиси Пеэтер Мехисто маъруза қилди. У олий таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича энг яхши тажрибалар билан ўртоқлашиш мақсадида «Estonia's PISA Success Story: Key Investments» мавзусида маъруза қилди.

Муҳокама давомида олий таълим соҳасидаги сиёсат йўналишлари, институционал стратегиялар, умумий муаммолар, ўқитиш ва ўрганишга инновацион ва ҳамкорликдаги ёндашувлар, шунингдек, қўшма тадқиқот марказлари ва лабораторияларини яратиш масалалари кўриб чиқилди. Рақамлаштиришни ривожлантириш ва таълим жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Форум икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши билан якунланди. Хусусан, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети ва Таллин технология университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми, Қозоғистон миллий қизлар педагогика университети ва Таллин университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети ва Таллин университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми, М. Нарикбаев университети ва Таллин университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми, Ш. Уалиханов номидаги Кўкшетау университети ва Эстония табиий фанлар университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва Almaty Management University ва Таллин технология университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Алар Карис музокаралар якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилди.