Қозоғистон ун етказиб бериш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон ун экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири бўлиб, етказиб бериш ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

— Ун саноатида умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига қарийб 9 миллион тонна бўлган 270 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Ун ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 3 миллион тоннадан ошади, бу эса ички истеъмолдан икки баробар кўпдир ва экспорт таъминотини барқарор шакллантириш имконини беради. Қозоғистон ун экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири бўлиб, етказиб бериш ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда туради, — деди ҚР Бош вазири ўринбосари – миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин депутат сўровига берган жавобида.
Унга кўра, хомашё базасини мустаҳкамлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига баҳорги дала ишларини олиб бориш учун имтиёзли кредитлар ажратилиб, гербицидлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўғитлар ва бошқа ресурслар харид қилиш харажатлари субсидия қилинмоқда.
— Айни пайтда озиқ-овқат маҳсулотларига жаҳон талаби ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, давлат томонидан қайта ишлаш корхоналари қўллаб-қувватланмоқда. Шундай қилиб, Қозоғистон келгуси ўн йил ичида ғалла маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича жаҳоннинг етакчи ўнталигига киришини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, оммабоп товарлар турларини кўпайтириш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш кўзда тутилмоқда, – деди у.
С.Жуманғариннинг таъкидлашича, инвесторларга айланма маблағларни тўлдириш учун имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари, жумладан, қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтириш, шунингдек, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва кенгайтириш харажатларининг бир қисмини қоплаш кўринишида имтиёзлар берилмоқда.
— Шу тариқа, давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган крахмал, сироп, клейковина, биоэтанол, лецитин ва бошқалар каби юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилди. Сўнгги беш йилда бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 баробарга ошди — 2020 йилдаги 73 минг тоннадан 246 минг тоннагача, — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон тухум билан 100% таъминлангани ҳақида хабар берган эдик.