20:49, 10 Октябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Истанбул ва Душанбега ташриф буюради
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида иштирок этади, дея хабар бермоқда Kazinform мухбири.

Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
«17 октябр куни Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тилеуберди Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг норасмий йиғилишида иштирок этади. Тадбир давомида жорий йилнинг ноябр ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган ТДТ давлатлар раҳбарларининг саммитига тайёргарлик кўриш масалалари ҳамда саммит давомида имзоланадиган ҳужжатлар лойиҳалари бўйича якуний келишув кўриб чиқилиши кутилмоқда»
, — деди расмий вакил.
Туркий давлатлар ташкилоти Қозоғистон ташаббуси билан 2009 йилда Озарбайжоннинг Нахчиван шаҳрида ташкил этилган. ТДТ котибияти Истанбулда жойлашган.
Ҳозирда ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Шу билан бирга, Мухтар Тилеуберди 18-19 октябр кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган «Террорчиларнинг трансчегаравий ҳаракатини олдини олиш бўйича чегара хавфсизлиги бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияга ташриф буюради.
«Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад чегара хавфсизлигини таъминлаш, террорчилар ва террорчи гуруҳлар ҳаракатланишининг олдини олиш, муҳим масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Икки кунлик конференция Тожикистон ҳукумати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Қатар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда»
, — деди Айбек Смадияров.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи