Қозоғистон суперасфальт ётқизишни бошлади: у қанчалик бардошли
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон йўл қурилишида Superpave технологиясини жорий қилишни бошлади. Ушбу техника биздаги иқлим шароитида қопламаларнинг сифати ва мустаҳкамлигини қай даражада ошириши мумкин? Саноатни қандай ўзгаришлар кутмоқда ва мутахассислар янги стандартларга тайёрми? Тафсилотлар – Kazinform агентлиги мухбирининг материалида.

Мутахассислар етарли эмас
АҚШда ишлаб чиқилган ва 130 дан ортиқ мамлакатларда қўлланилган Superpave технологияси Қозоғистонда йўл қурилишида инқилобни ваъда қилмоқда. Асфальт-бетон аралашмаларини волуметрик-функционал лойиҳалаш тамойилларига асосланиб, у экстремал иқлим шароитларига ва юқори транспорт юкларига бардош бера оладиган қопламаларни яратишга имкон беради.
2023 йилда Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги меъёрий-ҳуқуқий базани ислоҳ қилишни бошлади, бу Superpaveни йўл инфратузилмасини модернизация қилишнинг асосий элементига айлантирди.
Қозоғистон бундан 20 йил аввал Superpave инновацион технологиясини жорий этган биринчи давлат бўлиши мумкин эди. Бироқ, режалар қоғозда қолди. Бугун мамлакат бу ғояга қайтмоқда, йўл қурилишини янги босқичга кўтаришга ҳаракат қилмоқда.

Саноатда мутахассислар етишмайди. Ишлар ҳажмининг ўсиши ва меҳнат бозорининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига қарамай, кадрлар тайёрлаш сифати ва битирувчилар сони етарли даражада эмаслигича қолмоқда. Бу ҳолат касбнинг паст нуфузидан тортиб, қурилиш майдонларининг ўзига хос географиясигача бўлган бир қатор омилларга боғлиқ. Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги йўл хўжалиги учун малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мумкин бўлган бешта асосий чора-тадбирларни белгилаб олди.
- “Автомобиль йўллари қурилиши” йўналиши бўйича алоҳида таълим дастурлари гуруҳини очиш;
- Йўл йўналиши бўйича талабалар учун стипендиялар ҳажмини ошириш;
- Йўл қурилиши профилидаги илмий ходимлар сонини кўпайтириш;
- қонунчилик даражасида йўл хўжалиги мутахассислари учун мажбурий малака оширишни жорий этиш;
- Касбнинг нуфузини ошириш.
“Айни пайтда транспорт соҳасида 34 мингга яқин киши таҳсил олмоқда. Бу аввалги йиллардагидан кўп. Бу ёшларнинг инфратузилма, логистика ва мобилликни ривожлантириш билан боғлиқ касбларга қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлайди”, – деб жавоб берди ҚР Транспорт вазирлигидан.
Нажотми ёки беҳуда умидларми?
2023 йилдан бошлаб Superpaveни амалга ошириш учун 10 та асосий стандартларни ишлаб чиқиш бошланди.
Қозоғистон йўл илмий-тадқиқот институти учта асосий стандартни ишлаб чиқмоқда, жумладан, аралашмаларни лойиҳалаш қоидалари ва битумни PG (Performance Grade) навлари бўйича таснифлаш. Улар 2025 йил охиригача тасдиқланади, бу мамлакатда Superpave тизимини жорий этишда муҳим босқич бўлади.
“Бу стандартлар шунчаки ҳужжатлар эмас, улар йўл қурилишига тизимли ёндашиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Сифат назорати Superpaveнинг юраги ҳисобланади. Замонавий лабораторияларсиз технология ўз имкониятларини ошкор этмайди», - дея таъкидлади мутахассислар.
Муаммо шундаки, бундай марказлар сони чекланган. Superpaveни бутун мамлакат бўйлаб кенгайтириш учун лабораториялар тармоғини кенгайтириш ва ходимларни ўқитиш керак бўлади. Бусиз, ҳудудлар аралашмаларни синовдан ўтказиш учун ресурслар етишмаслиги хавфига дуч келади, бу эса технологияга ишончни сусайтириши мумкин.

Суперасфальт материалларни, айниқса, битум боғловчини индивидуал танлашни ўз ичига олади. Қозоғистон 8 та иқлим зонасига бўлинган, бу эса ҳарорат фарқларини аниқроқ ҳисобга олиш имконини беради.
«Битумнинг уч нави билан эскирган ёндашувдан узоқлашяпмиз. Эндиликда ҳар бир йўл ўзига хос шароитларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилади», – дея тушунтиради мутахасислар.
Асфальт-бетон заводларида (АБЗ) ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, Қозоғистондаги барча корхоналарда импорт қилинган ускуналардан фойдаланилади, бироқ заводларнинг бир қисми эскирган.
«Superpave замонавий технологияларни талаб қилади. Эскирган АБЗлар шунчаки керакли сифатни таъминлай олмайди. Бу шунчаки бренд танлаш эмас, бу ҳар бир йўл учун муҳандислик ҳисоби», – дейди мутахасислар.
Идеалликка интилиш
Мамлакат миқёсида ҳам, маҳаллий миқёсда ҳам хавфсиз ва сифатли йўлларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда автомобиль йўлларини намунавий ҳолатга келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён йирик қурилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини ҳам, соҳага техник хизмат кўрсатиш, диагностика ва молиялаштириш борасидаги ислоҳотларни ҳам ўз ичига олади.
«2030 йилга бориб стандарт ҳолатдаги миллий автомобиль йўлларининг улушини 100 фоизга, маҳаллий автомобиль йўллари улушини эса 95 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Бу транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш концепциясида ҳам, Давлат раҳбарининг Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида ҳам ўз ифодасини топган муҳим вазифадир. Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун стандартларни қайта кўриб чиқишдан тортиб, бюджет ўтказмаларини бошқариш самарадорлигини оширишгача бўлган барча воситалар қўлланилади», – дея хабар беради ҚР Транспорт вазирлиги.
Вазирликнинг таъкидлашича, узоқ муддатли истиқболда йўл тармоғининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида йўлларнинг ҳолатини визуал баҳолашдан инструментал диагностикага ўтиш кўзда тутилган, янги техник хизмат кўрсатиш стандартлари тасдиқланган, инфратузилмани молиялаштиришнинг минимал стандартлари ишлаб чиқилмоқда.
“2029 йилга қадар 14 минг километр маҳаллий йўлларни реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг режалаштирилган босқичларини амалга ошириш нафақат фуқаролар учун хавфсизлик ва қулайлик даражасини ошириш, балки минтақавий мутаносиб ривожланиш, мамлакатнинг логистика салоҳиятини мустаҳкамлаш ва Қозоғистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш учун замин яратади”, – дея қўшимча қилди вазирлик.
Халқаро тажриба: дарслар ва ёрдам
Қозоғистон етакчи халқаро экспертлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. АҚШ, Россия, Хитой ва Германия ишлаб чиқарувчилари билан ўзаро ҳамкорлик методологияни бизнинг шароитимизга мослаштиришга ёрдам беради.

“Биз Superpave ишлаб чиқувчилари билан бевосита алоқадамиз. Бу хатолардан қочишга ёрдам беради. Бошқирдистон тажрибасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, бу ерда Superpaveнинг жорий этилиши ажойиб натижаларга олиб келди”, – дейди вазирлик.
Маълумотларга кўра, Бошқирдистонда Superpave технологиясидан фойдаланган ҳолда қуйидаги натижаларга эришилган:
- Қопламаларнинг хизмат қилиш муддати 25% га ошди.
- Йўлларни сақлаш харажатлари 30% га камайди.
- Камчиликлар 40% га камайди.
Бу рақамлар илҳомлантиради, бироқ Қозоғистон тажрибани ўз шароитига мослаштирмоқда. Мисол учун, мамлакатнинг иқлим зоналари Бошқирдистонга қараганда материалларни танлашда янада мослашувчан ёндашувни талаб қилади.
Қозоғистон бошқа давлатлар хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилмоқда, масалан, мутахассисларнинг етарли даражада тайёрланмагани ёки иқлим хусусиятларига эътибор бермаслик.
“Биз АҚШдан тортиб Россиягача бўлган барча ишларни ўрганиб чиқдик. Пилот лойиҳалар ва тренинглар бизнинг ушбу хавф-хатарларга жавобимиздир”, – дея ишонтирмоқда вазирлик.
“Йўл харитаси” тажриба майдончалари, жиҳозлар бўйича маслаҳатлар ва оммавий тренингларни ўз ичига олади. Бу пудратчиларнинг қаршилигини камайтиради, уларнинг кўпчилиги янги технологияга ўтишдан қўрқишади.
Тўртта муаммо аниқланди:
- Асфальт-бетон заводлари ва лабораторияларини модернизация қилишни молиялаштириш.
- 2028 йилгача PG-битумни импорт қилиш.
- Юзлаб мутахассисларни тайёрлаш зарурати.
- Пудратчиларнинг қаршилиги.
Касбий ҳамжамият ислоҳотни ҳеч қандай шубҳасиз қўллаб-қувватлайди. Стандартлар вазирликлар, ҳокимликлар ва уюшмалар, жумладан, “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси билан келишилган. Бироқ, баъзи муҳандислар ва пудратчилар ўзгаришларга қарши туришади.
Кўпчилик оддийгина эски усулларга ўрганиб қолган. Улар нима учун ишни мураккаблаштириш кераклигини тушунишмаяпти.

Ишлар ва материаллар сифатини назорат қилишнинг рақамли воситаси – «KazRoadLab» тизими ҳам жорий этилди. Бошқарманинг таъкидлашича, мобиль илова туфайли лаборатория ва муҳандислар тест натижаларини жойида тезкорлик билан қайд этишади, бу эса далилларни тўплашни осонлаштиради ва қалбакилаштириш эҳтимолини камайтиради.
«KazRoadLab» нинг ривожланиши ва E-Joldar платформасининг жорий этилиши шунчаки қулайлик учун рақамлаштириш эмас. Булар коррупцияга қарши тўсиқлар бўлиб, лойиҳа иштирокчилари ўртасидаги бўшлиқлар ва яширин келишувларни бартараф этишга қаратилган”, – дея таъкидлади вазирлик.
Парламентда кўриб чиқилаётган иккита қонун лойиҳаси йўл хўжалигини ислоҳ қилишга қаратилган: бири коррупцияга қарши назоратни кучайтириш, техник ва муаллифлик назоратини “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун субъектлари билан тенглаштириш, иккинчиси каръерлар ва ерларни ҳисобга олиш билан боғлиқ маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш.
“Коррупцияга қарши курашиш хизмати томонидан ҳар икки йилда соҳада ташқи аудит ўтказилиб, унинг асосида аниқланган коррупция хатарларини бартараф этиш бўйича режа тузилиб, амалга оширилмоқда”, – дея хулоса қилди вазирлик.